Бишкекдаги «Ак-Босого» массивининг турғуни ўзининг 9 ёшдаги қизини зўрлашда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда «Сводка.АКИpress» нашри Биринчи май туман прокуратурасига таяниб ёзди.
Маълумотга кўра, 2020-йилнинг 7-февралида ижтимоий ходим шаҳарнинг 49 ёшдаги Р.Б. исмли турғуни ўзининг қизини зўрлаганини айтиб милицияга мурожаат қилган.
«Милиция қиз отаси билан шаҳардаги массивларнинг бирида яшаганини аниқлади. Онаси қизни 2 ойлиги вақтида турмуш ўртоғига ташлаб кетган. Онаси ўшандан бери бирор марта ҳам қизига эътибор қаратмаган, уни отаси боқиб келган», — деб ёзилади билдирувда.
26-февралда Бишкек шаҳар мэриясининг Болалар ишлари бўйича комиссияси қизни олти ойга Болаларни ижтимоий адаптациялаш марказига жойлаштирган.
Тергов вақтида ўсмир қиз уни отаси зўрлаганини айтиб берган. Унинг зўрланганини суд-тиббий экспертизанинг хулосаси ҳам тасдиқлаган.
12-мартда эса 49 ёшдаги гумондор қўлга олиниб, вақтинча сақлаб туриш жойига киргизилган. Милиция мазкур фактни дастлаб «Зўрлаш» моддаси билан қайд қилган. Кейинчалик «Уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, иш судга ўтказилган.
12-июнда Биринчи май туман прокуратураси гумонланувчини ота-оналик ҳуқуқидан ажратиш бўйича судга давъо аризаси билан мурожаат қилиб, 8-сентябрда суд даъво аризасини қаноатлантирган.
Назорат органи 2021-йилнинг 18-июнида яна бир даъво аризасини бериб, суд уни қаноатлантирган. Унинг асосида қиз мактаб-интернатга жойлаштирилиб, тўлиқ давлат таъминотига олинган.
Жорий йилнинг 11-декабрида Ўш шаҳрининг 39 ёшдаги турғуни ўзининг 14 ёшдаги қизини икки йил давомида «зўрлаб юргани» маълум бўлган.
Тергов вақтида ўсмир қиз илк марта 2019-йилнинг июнь ойида отаси томонидан зўрланганини айтиб берган — унда онаси Россияда меҳнат миграциясида юрган. Аммо жабрланувчи онаси мамлакатга қайтиб келгандан кейин ҳам жиноят давом этаверганини айтган.
Ўш шаҳар ИИБи «Зўрлаш» моддаси билан жиноят ишини қўзғаб, 39 ёшдаги гумондорни вақтинча ушлаб туриш жойига киргизган. Кейин у икки ойга қамоққа олинган.
2021-йилнинг бошидан бери Қирғизистонда зўрлик-зўравонликнинг камида 7,6 минг ҳолати қайд этилган — кўпинча унга аёллар дучор бўлади. Ёш болаларнинг ҳам зўрлик-зўравонликка учраган ҳолатлари кам эмас — 2021-йили ИИВ камида 326 фактни қайд этган.