Иссиқкўл вилоятининг ИИБ матбуот хизмати 16-декабрда «Клооп»нинг журналистига Бостери қишлоғидаги «Алтин қум» пансионатининг соҳилидаги аквапаркда ҳалок бўлган 18 ёшли Станислав Ситниковнинг ўлими бўйича тергов тугаганини билдирди.
Тергов нимани аниқлади?
Терговнинг маълумотига кўра, аквапаркка эгалик қилган гумондор Айдар Текебаев аттракционга сув сўрувчи насослар ўрнатилган ерга белги ва ҳимоя тўсиқларини ўрнатмаган.
«У ўз фаолиятни давом эттириб, кўнгил очар сув- аттракционларини ишлатиб, инсон ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирган», — деб таъкидлайди тергов.
Терговнинг якунловчи ҳужжатида, тадбиркорнинг аттракциони хавфсизлик чоралари кўрсатилган технологик ҳужжатларисиз ишлагани ҳам айтилади.
«Ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилишни таъминлаган ускуналарнинг бўлиши ва ишлов тизими таъминланмаган, сув аттракционининг насос тизими хавфсизлик мосламалари тўсиқлар билан ўралмаган, сув аттракционини бошқарув тизими йўқ бўлган», — деб айтилади ҳужжатда.
Бахтсиз ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш режаси ҳам тузилмаган. Тергов хулосасида Текебаев қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмай, аттракционни ишлатишни давом этгани айтилади.
Тергов натижасида тадбиркор Айдар Текебаев «Истеъмолчилар учун хавф туғдириш» (Жазо кодексининг эски таҳрири) моддаси бўйича гумонланмоқда. Мазкур моддага кўра, тадбиркор икки йилдан беш йилгача озодликдан ажратилади ёки 120-140 минг сомгача жаримага тортилади. Аввалроқ, «Тасодифан одам ўлдириш» моддаси бўйича ҳам тергов олиб борилаётганини маълум қилган.
Станислав Ситниковнинг ўлими
Ситников 2021-йилнинг 27-июлида Иссиқкўлдаги пансионатларнинг биридаги аквапаркда вафот этди. Уни сув сўрувчи насоснинг диаметри 50 см бўлган қувури сўриб кетган. Қутқарувчилар унинг жасадини олиб чиқиш учун экскаватор билан қумни қазиб, қувурни кесган.
18 ёшдаги боланинг ўлими жамоатчиликдан резонанс яратиб, милиция «Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш» ҳамда «Истеъмолчиларга хавф яратиш» моддалари билан судгача тергов бошлаган.
Бу иш бўйича терговнинг давомини президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги ваколатли вакили Мирбек Кожоев шахсий назоратига олган.