Жалолобод шаҳрида вояга етмаган қизни турмуш қуриш мақсадида ўғирлаганликда гумон қилинган 27 ёшдаги шахс 26 ёшли шериги билан бирга қўлга олинди. Милиция «Никоҳ куриш мақсадида олиб қочиш» моддаси билан жиноий иш очди.
Вилоят ИИБнинг матбуот котиби Нурдин Жээнтаев билдиришича, гумонланувчилар Жалолобод шаҳар ИИБнинг вақтинча ушлаб турилувчи жойига киргизилди. 48 соатнинг ичида уларнинг эҳтиёт чораси кўриб чиқилади.
Шунингдек, Жээнтаев «жиноятга алоқаси бор бошқа одамларни қидирувни давом эттиради» деб қўшимча қилди.
8-декабрда Жалолобод шаҳрининг Тўқтогул кўчасида таҳминан эрталабки соат 07:55да бир неча болалар 17 ёшдаги қизни зўрлаб ўғирлаб кетишган.
Бу вақтда гувоҳлар видеога тасвирга олиб, видео ижтимоий тармоқларга тарқаган. Унда қизнинг қичқириб қаршилик кўрсатганига қарамай йигитлар уни машинага солгани кўринади. Қизга дугонаси ёрдам беришга ҳаракат қилган, аммо болалардан бири унинг қўлини қайриб ушлаб турган.
Қизни машинага солгандан кейин бошқа одамлар ҳам келиб ёрдам беришни истаган, аммо гумондорлар машина билан кетиб қолишган.
Ўша куннинг ўзида милиция тезкор-тергов олиб бориб, қиз 17 ёшдаги Бозорқўрғон туманининг турғуни эканини, уни ўзининг ҳамқишлоғи — 27 ёшдаги киши никоҳга олиш мақсадида ўғирлаб кетганини аниқлаган.
Милиционерлар гумондорнинг уйига бориб қизни ота-онасига ўтказиб бериб, гумондорни эса терговга етказишган. Шахсга қизни ўғирлашга ёрдам берган бошқа шериклари қидирила бошлаган.
Жорий йилнинг июль ойида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида ўғирланиб, зўрланганини айтган 17 ёшли қиз ва онаси жамоатчиликка видеомурожаат қилган.
Унда улар қизни ўғирлаган одам озодликда юрганини айтишиб, милиция ва судлардан норози бўлишган. Вилоят ИИБдан «Олиб қочиш» бўйича иш судга ўтганини айтишган, «Зўрлаш» иши эса қисқариб кетгани маълум бўлган.
Судга етмаган олиб қочиш фактлари
Қирғизистонда олиб қочиш бўйича ишларнинг кўпи судга етмай қисқариб кетади — етса ҳам айбланувчилар кўп ҳолларда жазосиз қолишади. Масалан, 2020-йили Жалолобод вилоятида олиб қочиш бўйича 19 факт қайд этилиб, уларнинг бари терговда қисқарган.
Милиция бунга «қизларнинг ота-оналари улар ўз истаги билан турмуш қурганини,даъволари йўқлиги айтиб ёзган қарши аризаларини» асос қилган.
Жами бўлиб 2021-йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонда олиб қочишнинг 187 ҳолати қайд этилган. Унинг саккизтасигина судга ўтиб, қолганлари «жиноят унсури йўқ бўлгани сабабли» иш қисқартирилган.
Апрелда ўғирланиб, шундан кейин ўлдирилган Айзаданинг аянчли воқеасидан кейин «Клооп»нинг ва «Азаттык»нинг журналистлари «олиб қочиш» бўйича охирги беш йилдаги суд жараёнларини тадқиқ қилиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда деярли ишламайди деган хулосага келишган.