Ўш вилоятининг Новқат туман ички ишлар бошқармаси депутатликка номзод Бакитбек Мариповнинг масжидда ташвиқот олиб боргани бўйича текширув бошлади. Бу ҳақда «Клооп»га Ўш вилоят ИИБнинг матбуот котиби Нурпери Абдуллаева билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Жамалдин Парманкулов номли фейсбук фойдаланувчиси номзод Марипов 11-ноябрда Чапаев қишлоғидаги «Мулла Абдукахор» масжидида тарғибот қилган деган видеони эълон қилган. Тадбирга номзоднинг акаси, собиқ премьер-министр Улукбек Марипов ҳам қатнашганини хабар қилган.
«“Мени президент Садир Жапаров Саудия Арабистонига элчи қилмоқчи, мен насиб қилса сизларни ҳажга боришинглар учун имтиёзлар қилиб бераман” деб, халқнинг бошини айлантириб, босим билан агитация қилишяпти!» — деб ёзган Парманкулов.
*Сайлов тўғрисидаги қонуннинг 28-моддасида «ибодат қилинувчи биноларнинг 100 метр масофадан яқин ерларда ташвиқот тадбирини ўтказиш» таъқиқланган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқнинг фойдаланувчиси Мариповнинг отаси, Новқат ҳудудий касалхонасининг бош шифокори Асамидин Мариповни «маъмурий ресурсни қўлланишда» айблади. Унинг айтишича, касалхонанинг етакчиси тиббиёт ходимларидан «10 овоздан олиб келишни» талаб қилмоқда.
Асамидин Марипов эса «Азаттык»қа берган интервьюсида айбловларни инкор қилиб, буни «қоралаш» деб атади.
Бақитбек Марипов аввал бир неча йил ўзи туғилган Қиргиз-Ата қишлоқ ҳудудини бошқариб, 2020-йили ҳукумат алмашгандан кейин Новқат туманининг ҳокими бўлиб тайинланган. Аммо акаси Улукбек Марипов премьер-министрлик хизматига келгандан кейин жорий йилнинг февраль ойида лавозимидан кетган.