Ўш шаҳрининг ижтимоий тармоқ бўйича вице-мэри бўлиб Венера Рискулова тайинланди

458
Венера Рискулова. Сурат: Ўш мэриясининг фейсбук саҳифасидан олинди

Ўш шаҳрининг ижтимоий тармоқ бўйича вице-мэри бўлиб Венера Рискулова тайинланди. Тегишли буйруққа Ўш шаҳрининг мэри Алмаз Мамбетов 21-сентябрда қўл қўйди. Бу ҳақда мэриянинг матбуот котиби Замира Ниязбекова маълум қилди.

Ниязбекова мазкур лавозимда олдин ишлаган Эмил Шадиханов бошқа ишга ўтказилганини билдирди. Унинг айтишича, Шадиханов Ташқи ишлар вазирлигининг Ўш, Жалолобод ва Баткен вилоятларидаги мухтор вакиллиги етакчисининг маслаҳатчиси бўлиб тайинланди.

Бироқ ҳозирча ТИВ ва Министрлар кабинетининг сайтида бу ҳақда маълумот эълон қилинмади.

Венера Рискулова ким?

Венера Рискулова — 40 ёшда. У Ўш вилоятининг Ўзган туманида туғилган. Рискулова вице-мэр бўлгунча Министрлар кабинетининг билим бериш, маданият, спорт ва ёшлар сиёсати бўлимида эксперт бўлиб ишлаган.

2004-йили «Фондрегистр» масъулияти чекланган жамиятнинг Жалолобод вилоятидаги филиалида директор ўринбосари, 2014-йили миллий статистика қўмитасининг бош ҳисоб бўлимида мутахассис, кейин шу бўлимнинг етакчиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

2016-йили ҳукумат аппарати фаолиятини таъминлаш бўйича гуруҳнинг бош мутахассиси, 2018-йили шу аппарат қарорларини бажаришни назорат қилиш бўлимида, бир йилдан кейин назорат ва фуқароларнинг мурожаати бўлимида, сўнгра аппаратнинг канцелярияси фуқароларнинг мурожаатлари секторида референт бўлиб ишлаган.

Алмаз Мамбетов бир ой олдин ОАВ вакилларига матбуот анжумани ўтказиб, кадр масалаларида репутация, тажриба ҳисобга олинишини билдирган. У мэрияда аёл ходимлар оз бўлганидан «ҳайрон қолганини» айтиб, ижтимоий масалалар бўйича вице-мэр аёл бўлиши керак деб таъкидлаган.