Ижтимоий тармоқларда айрим маданият арбобларининг президент Садир Жапаровга йўллаган мурожаати эълон қилинди. Улар давлат раҳбаридан айрим сиёсатчиларга нисбатан чора кўришни сўрашмоқда.
Мурожаатда ҳукуматнинг Чуй вилоятидаги собиқ мухтор вакили Туйгунаали Абдраимов, амалдаги депутатлар Бакит Жетигенов, Жанар Акаев, Алтинбек Сулайманов, собиқ депутатлар Исмаил Исаков, Акматбек Келдибеков, Жилдизкан Жолдошова ва «Улуу Кыргызстан» партиясининг вакили Азамат Мусакеев таҳминан 17-сентябрда қуролли тўнтарилишни амалга ошириб, ҳукуматни босиб олишга ҳаракат қилишмоқда деб айтилган.
Мурожаатнинг кўп қисмида Жапаров мақталган. Хатнинг иккинчи бўлимида муаллифлар савол берган: «Кейин юқоридаги ахмоқларга яна нима керак?».
«Ҳурматли Садир Нургожоевич, булар билан мушук-сичқон ўйнаманг. Ортингизда камида 80, кўпи билан 90 фоиз халқ турибди. Керак бўлса 2016-йили турк халқи Эрдоғанни қандай қўллаган бўлса, шундай қўллаймиз. Буларга қатъий чора кўринг! Юмшоқ бўлманг. Акс ҳолда давлатни йўқотамиз. Митинг деганни эшитгимиз келмай қолди. Безор бўлдик», — деб якунлашган улар.
Мурожаатни ким ёзган?
Президентга йўлланган мурожаатнинг остига хизмат кўрсатган маданият ходими Сонунбүбү Кадирова ва эстрада хонандаси Венера Пирматова қўл қўйган. Шунингдек, қирғиз халқ шоири Менди Мамазаирова, халқ артисти Шайгул Алсеитова, олим Умут Култаева ва хизмат кўрсатган артист Абаз Чикееванинг исмлари ҳам бор.
Бироқ Мамазаирова фейсбук саҳифасида бу хатни кўрмаганини билдирди. Мамазаирова Сонунбу Кадирова унга қўнғироқ қилиб, «Туйгунали Абдраимов тўполон чиқармоқчи бўлибди, хат ёздик, қўл қўйиб берасизми» деб айтганини ёзди.
«Мен жамиятдаги келишмовчиликдан безор бўлганим учун, рози бўлганман, бироқ имзо қўймаганман. Хатни кўрмадим ҳам. Хатда айтилган одамлар мен ҳурмат қилган инсонлар. Улар ҳақида мен ёмон фикр айтишим тўғри эмас. Жилдиз Жолдошова, Акматбек Келдибеков, Исмаил Исаков, Курсан Асановлар ҳақида мен тескари фикр билдиришим мумкин эмас. Мени номимни мен кўрмаган, мен қўл қўймаган хатларда фойдалванишлари тўғри эмас», — деб тушунтирди Менди Мамазаирова.
Сонунбу Кадирова эса сўзлари ўзгартирилганини билдирди. Шунингдек, маданият арбоблари Садир Жапаровнинг тарафдори бўлиб ҳисобланади. У фейсбук саҳифасида доим президентга қўллов сўзларини айтиб туради.
Сиёсий ўйинлар
Собиқ депутат Ахматбек Келдибеков мурожаатнинг муаллифлари судда кўрсатма беришга мажбур деб билдирди.
«Акс ҳолда бу мурожаат ёлғон маълумот қатори баҳоланиши керак. Шунингдек, далилсиз қоралашлар билан бутун халққа маълумот тарқатган одамларни жавобгарликка тортиш керак. [...] Ақлга сиғмай, халқнинг тинчлигига, давлатнинг бутунлигига таҳдид солган маълумот эгаларини ва яшириниб турган хўжайинларни фош қилиб, қонун доирасида жазолашни сўрайман», — деб ёзди Келдибеков фейсбук саҳифасига.
Унинг айтишича, мурожаатга имзо қўйган айрим одамлар билан боғланганини, улар бунда Исмаил Исаковни, Акматбек Келдибековни ва Жилдизкан Жолдошованинг исмлари борлигини билмаганини маълум қилишган.
«Шу сабаб бу сайлов олдидан халқнинг ишончига киролмай қоламиз деб қўрққан айрим сиёсий кучларнинг ёмон фикрларининг натижаси деб биламан», — деб билдирди собиқ депутат.