Уристем Манапов президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Зиядин Жамалдиновнинг ўринбосари бўлиб тайинланди. Тегишли буйруққа министрлар кабинетининг раиси Улуқбек Марипов қўл қўйди.
Манапов бу билан вилоят раҳбарининг учинчи ўринбосари бўлди — у қайси тармоқни бошқариши ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, вакилликда жамоатчилик блок бўйича Данияр Жаникулов, қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқ ҳимояси бўйича Бактибек Алайчиев иш олиб боради.
Янги тайинланган ўринбосар 45 ёшда. У Ўш вилоятининг Ўзган туманидан. Қирғиз-ўзбек университетида ҳисобчиликни ва Ўш давлат юридика институтини битирган.
Иш фаолиятини 1996-йили Ўш шаҳар солиқ хизматида инспекторликдан бошлаган. 1999-йилдан 2002-йилгача Ўш вилоят солиқ хизмати қошидаги солиқ полиция бўлимида ишлаган.
Бундан ташқари, 2006-2012-йиллари финполициянинг Ўш шаҳридаги бошқармасида ва 2012-2016-йиллари давлат солиқ хизматида ишлаган.
2016-йилдан бошлаб Жогорку Кенеш бошқармасининг сектор раҳбари бўлган.
Вилоят раҳбари Зиядин Жамалдинов ҳам олдин солиқ хизматида ишлаган.