«Саке Сокенинг ишини давом эттиряптими?» Алмазбек Атамбаевнинг мурожаати

389
Алмазбек Атамбаев

Собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев унинг мурожаатини эълон қилди. Унда Атамбаев ўлкани бошқариш вақтида «хатога йўл қўйганини тан олиб», амалдаги ҳукуматнинг ҳаракатини ҳам кескин танқид қилди.

Атамбаев нима деди?

Атамбаев 30 йил ичида ўлка «кўплаган синовларни бошидан ўтказганини» айтиб, Қирғизистонда мустақиллик йиллари уч карра тўнтарилиш бўлганини эсга солди.

«Бугун ҳам амалдаги ҳукумат муддатининг охиригача тинч ўтиради деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Бу ҳукуматга ҳам савол кўп...», — дейди Атамбаев.

Собиқ президент вақтида «кўп хатога йўл қўйганини» айтиб, ҳозирда муддатини тинч тугатиб, ҳукуматни кейинги раҳбарга тинч йўл билан ўтказиб берган ёлғиз президент бўлганини таъкидлади*.

*Атамбаев ҳукуматни тинч йўл билан ўтказган ягона президент эмас — унгача президент, муваққат ҳукуматни бошқарган Роза Отунбаева 1,5 йилдан кейин ҳукуматни сайланган президентга ўтказиб берган.

Атамбаев ўзи давлатни бошқарган вақтдаги амалга ошган ишларни айтиб, «30 йилда қилинган яхши ишларнинг кўпи унинг даврида бажарилганини» айтди.

Бундан ташқари, Алмазбек Атамбаев рассом Таалайбек Усубалиевнинг машҳур олти президентни «Ата-Бейит»да чизган суратига ҳам тўхталди. Атамбаев жамоатчиликда бу сурат «Қирғизистоннинг жанозаси» деб аталганини эсга солиб, «ҳукуматдагиларни ўйлантириши керак» деган фикрда.

«Бу халқ фикри янги ҳукумат давлатни ўн ой бошқаргандан кейин пайдо бўлгани, кўплаган одамлар яхши томонга ўзгаришдан умид узиб, ўлканинг келажагига ишонмаётганини исботламоқда… Бу суратда Садир Жапаров собиқ президентларнинг қаторида энг охиргиси бўлмоқда. Демак, жанозани у ўтказадими? Қирғизистонни у кўмадими? Нимага халқда шундай ўй-фикр пайдо бўлди? Балки, президент ўйланадиган вақт келди? Тўғри йўлни танладими? Ўлкани тўғри йўналишда олиб борадими?» — деб сўради у.

Қумтўр ва октябрь воқеалари бўйича

Шунингдек, Атамбаев Қумтўр кони хориж ширкатига ўтиб кетганига айбдор бўлганлар давлат резиденцияда ҳурмат билан кутиб олиниб*, 2020-йилнинг октябрь воқеаларида «тош отиб, тўппонча билан отганларнинг ортида бўлганлар Жапаров билан бирга давлат резиденциясида яшамоқда» деб билдирди.

Атамбаев октябрь воқеасига муносабат билдириб, халқ орасида жавобсиз саволлар кўплигини таъкидлади. Унинг айтишича, бунинг барини президент чин юракдан тушунишга ҳаракат қилса бўлади ёки кўзни юмиб Сокега ўхшаб «фактларни беринглар» деб такрорлайверса бўлади деди. Бироқ у «юмуқ кўз билан келажакка йўл топиш қийин» деб огоҳлантирди.

«Нима учун Соке билан бирга ўлкани октябрь воқеасига олиб келганлар бугун аввалгидай куч органларида, ўлканинг иқтисодини бошқаришмоқда? Энди улар ўлканинг қайси жарга олиб боради? Нима учун жиноий ишлар 5-октябрда халққа ўқ отишга буйруқ берганларга эмас, халқ билан бирга майдонда юрганларга қўзғалмоқда? Ёки Саке Сокенинг ишини давом эттиряптими? Шундай саволлар кўп» — деди Атамбаев.

Атамбаевга боғлиқ ишлар

Ҳуқуқ тартибот органлари собиқ президент Алмазбек Атамбаевни криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатишда айблаб, «Коррупция» бўйича иш асосида Қўйтошдаги уйини 2019-йилнинг 7-8-агустида  штурмга олган. Бундан ташқари, Атамбаев «Ноқонуний бойиш», «жиноий даромадларни қонунийлаштириш» ва Бишкек ИЭМни модернизация қилишдаги «Коррупцияга» гумонланмоқда — иш судга ўтди.

Штурм вақтида Атамбаевнинг тарафдорлари ва куч идоралари ўртасида тўқнашув бўлиб, натижада спецназчи Усўнбек Ниязбеков ҳалок бўлиб, Чуй ВИИБнинг бошчиси Самат Курманкуловнинг бошига тош тегиб, яраланган.

Атамбаев қўлга олиниб, МХДҚнинг биносига етказилгандан кейин унинг юзлаган тарафдорлари Ала-Тоо майдонига норозилик намойишига чиқишган. Унда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан митингчилар тўқнашиб, намойишга чиққанлар куч билан тарқатилган.

«Қўйтош воқеалари» бўйича «Ҳукуматни куч билан босиб олиш», «оммавий тартибсизликлар уюштириш», «Одамларни гаровга олиш», «Одам ўлдириш», «одам ҳаётига хавф солиш» ва «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» моддалари билан судгача текширув иши очилган.

2020-йили Биринчи май туман суди Атамбаевни «Батукаевнинг иши» бўйича айбдор деб топиб, уни 11 йилга озодликдан маҳрум қилган. Кейинчалик Бишкек шаҳар суди бу ҳукмни кучида қолдирди.

2020-йилнинг 5-октябрига ўтар кечаси парламент сайловининг дастлабки натижаларидан норози бўлганлар бир қанча сиёсатчиларни қамоқдан бўшатишган. Уларнинг орасида Атамбаев ва амалдаги президент Садир Жапаров ҳам бўлган.

9-октябрда Алмазбек Атамбаев билан собиқ бош вазир Ўмурбек Бабановнинг тарафдорлари ўша вақтдаги премьер-министр в.б Садир Жапаровнинг тарафдорлари билан тўқнашган. Эртаси куни Атамбаев «оммавий тартибсизликларни уюштиришда» гумонланиб уни Қўйтошдаги уйидан МХДҚнинг ходимлари ушлаб кетишган.

Йил бошида Олий суд «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича ишни қайта кўриб чиқишга юборган — бироқ Атамбаев қамоқдан бўшатилган эмас. Ҳозир собиқ президент №47 колонияда сақланмоқда.

Бу орада 2021-йилнинг июль ойида Атамбаевга нисбатан яна бир судгача текширув иши очилди. У ва унинг тарафдори Фарид Ниязов 2016-йили ўнлаган туркиянинг фуқароларига «ноқонуний» қирғиз паспортларини беришда гумонламноқда.

Тергов ишлари «Сапат» халқаро билим бериш муассасасининг асосчиси Орхан Инанди Туркиянинг миллий разведка хизмати томонидан ўғирланиб, Анқарага етказилгандан кейин бошланган. МХДҚ Инанди турк фуқаролигидан чиқмай туриб қирғиз фуқаролигини ноқонуний олган деб билдирган.