Премьер-министрнинг собиқ аппарат бошчиси ва Аскар Акаевнинг собиқ сафдоши Бекболот Талгарбеков Kaktus.media нашрига интервью бериб, қочқин президент қирғиз фуқаролигидан бош тортмаганини билдирди.
«Улар [Акаев ва аёли] қачонлардир ватанга қайтамиз деб умид қилишган. Шу сабаб фуқаролигини алмаштирган эмас. Бу йиллар давомида Москвада Қирғизистоннинг паспорти билан яшаган», — деб айтган Талгарбеков.
Шунингдек у Акаевнинг паспорти ТИВ томонидан янгиланганини, Майрам Акаеванинг паспортига ҳужжатларни тўплашга Талгарбеков ўзи ёрдам берганини қўшимча қилди.
«Мен Аскар Акаевга ёрдам берган эмасман, бироқ унинг ҳам Қирғизистондан олган умумий фуқаролик паспорти борлигини биламан. Унинг болаларининг фуқаролиги ҳақида ҳеч нарса билмайман», — деб таъкидлади Талгарбеков.