ПолитКлиника: Вазир Жапаров Мальта, офшор ҳамда 4 юлдузли отель билан қандай алоқада?

251
Акилбек Жапаров

«ПолитКлиника» нашрининг суриштирувчи журналистлари уч ой давомида текшириб, Мальталик компаниялар эгалик қилган қирғизистонлик компанияларни ва уларни ҳозирги молия ва иқтисод вазири Акилбек Жапаровга тегишли одамлар бошқаришини айтди.

Ўрта ер денгизида жойлашган кичик орол давлат Мальта билан бир қараганда Осиёда жойлашган Қирғизистоннинг ҳеч қандай алоқаси йўқдай. Охирги йилларда Мальта ҳақида бир нечта журналистик суриштирувларда сўз бўлди — россиялик бир қанча сиёсатчилар Мальта фуқаролигини олди, бу оролда контрабандистлар яшашди, Озарбайжон президенти Алиев оиласининг даромадлари Мальтанинг Pilatus банкида сақланиши аниқланди. Журналистлар Мальта билан қирғизистонлик сиёсатчилар ва тадбиркорларнинг ҳам алоқаси борлигини аниқлади.

Қантдаги ферма ва Мальтадаги акциялар

2020-йилнинг октябрь ойининг охирида Қирғизистоннинг ҳозирда тарқатилган молия полицияси пресс-релиз тарқатиб, Қант шаҳрида жойлашган МИС (Машиноиспытательная станция) солиқни яшириб тўлмаганини билдирган эди.

«30 кўчмас мулки бор МИС йирик айлантирган пулларига қарамай, нол билан ҳисобот берган», — деб билдирган муассаса.

Бундан ташқари, финпол акционерлик жамиятининг асосий ҳиссадорлари Акилбек Жапаровнинг аёли Анара Жапарова ва мальталик оффшор компания Eurasia Capital Limited эканини ҳам таъкидлаган. Давлат молия назоратининг 2021-йилнинг 10-мартидаги маълумоти бўйича, МИСнинг 98,3% акцияси Eurasia Capital Limited компаниясига тегишли.

Юстиция вазирлигининг сайтидаги маълумотга кўра, Анара Жапарова АЙС МАКС», «Тридас», «ДАМАС-ФАРМ», «Дамас Ала-Тоо», «Алма Агро» ва «Тридас Милк» компанияларининг етакчиси. «Дамас Ала-Тоо»нинг Жапаровадан ташқари яна бир асосчиси бор — у савдо-енгил саноат палатасида «Дамас» отели сифатида кўрсатилган «Глобалико Холдингс». «Глобалико Холдингс»нинг етакчиси деб Улан Абикеев кўрсатилган, у «Ala-Too impex» компаниясини ҳам бошқаради, «Ala-Too impex’»нинг асосчиси EURASIA CAPITAL LIMITED фирмаси ҳисобланади.

Кўпроқ маълумот йиғиш учун журналистлар бир неча марта Қант шаҳрига бориб, ҳиссадорлик жамиятининг фаолияти ва мальталик компания ҳақида маҳаллий турғунлар билан сўзлашиб кўрди.

МИС. Сурат: 24.kg

МИС молия вазирлигидан олган ссудасини тўламаган

Игорь Чудинов

Финполнинг ўша пресс-релизида иқтисодни ривожлантириш давлат фонди собиқ премьер-министр Игорь Чудиновнинг буйруғига таяниб, МИС ОҲЖга 200 млн сом давлат ссудачи берган. Ссуда бериш қарори 2009-йили қабул қилинган.

Мақсади — донни тозалаш заводини реконструкциялаш ва қанд қизилчасининг уруғини ўстириш бўлган ва ссудани қайтариш муддати 2013-йилнинг охири деб кўрсатилган.

МХДҚнинг маълумотига кўра, МИСда ўша вақтда Чудинов билан Жапаровнинг қариндошларини акциялари бўлган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг маълумотида, ссудани қайтариш муддатини ноқонуний икки марта узайтириб олишган, МИС ссудани 2025-йилгача қайтариши керак эди. Шу билан бирга МХДҚ 200 млн сомнинг 68 млн соми мақсадсиз фойдаланилганини айтган. Бироқ сумма қаерга сарфланганини журналистлар аниқлай олмаган.

2021-йилнинг март ойида минфиннинг берган маълумотида МИС давлатга 200 млн сомни қайтарган ва бундан ташқари 127,1 млн сом қарз деб ёзилади.

Бироқ, «Қирғиз Республикасининг 2020-йилга республика бюджети ва 2021-2022-йилларга тахмини ҳақидаги» қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунининг 11-моддасига ўзгартириш киритилиб, «юридик томондан ссудаларни ва кредитларни тўлиқ бартараф қилганда юридик шахслар ҳисобланган фоизларни, устамаларни, жарималарни ва моддий санкцияларни тўлашдан озод қилинади» деб ёзилган. Бунга кўра, МИС 127,1 млн сомини тўламаслиги мумкин.

Ҳозирда жиноий иш 2017-йили қўзғалишига қарамай, ҳамон МҲДҚда текширилмоқда. МХДҚ ўз пресс-релизида 95% акциянинг эгалари Акилбек Жапаровга алоқаси бор одамлар бўлганини билдирган.

Давлат молия назоратидаги манбааларнинг бири Eurasia Capital Limited 2014-йилнинг 20-июнидан бошлаб босқичма-босқич акцияларни сотиб ола бошлаганини аниқлаб берди. Бироқ компания Мальтада 2007-йили рўйхатга олинган. Жапарова акционерлик жамиятига қачон аъзо бўлганини аниқлашни имкони бўлмаган.

Журналистлар Eurasia Capital Limited компаниясини минюстнинг базасидан текшириб кўришди, бироқ Қирғизистонда бундай компания йўқ бўлиб чиқди. Бу компания суриштирувчи журналистларнинг халқаро консорциумининг (ICIJ) оффшорлар ҳақидаги базасидан топилди. Шу билан бирга Eurasia Capital Limited маҳаллий «Ала-Тоо Импекс» компаниясининг асосчиси бўлгани, кейинги топилмаларимизга асос бўлди.

Мальта компаниялари қандай қилиб Қирғизистонда ширкатларини очишган?

Реестрдан олинган ва Юстиция вазирлигидан сўраб олган маълумотларимиз мальталик компаниялар МИСдан бошқа бир қанча компанияларни очишганини кўрсатди.

Маҳаллий «Ала-Тоо Импекс» компанияси 2004-йили рўйхатга олиниб, 2008-йили директорини алмаштирган. Бироқ бу компаниянинг асосчиси ҳам бунгача тилга олинган Eurasia Capital Limited компанияси экани қизиқ, шу билан бирга бу компанияга ҳам бир Oracul Investments for CIS and Eastern Europe Ltd компаниясига эгалик қилади. Бу компания ICIJ ташкилотининг маълумот базасида бор ва у ҳам Мальтада рўйхатга олинган.

Журналистлар компаниянинг асосчилари ҳақида олган маълумотларга қараганда, «Ала-Тоо Импекс» компаниясининг биринчи асосчиси Oracul Investments компанияси бўлган. Бироқ 2008-йили асосчиларнинг йиғинида яна бир Eurasia Capital Limited компаниясининг асосчилари қаторига киритишган. Бу икки компаниянинг директори Питер Мамо исмли Мальтанинг фуқароси.

Документларда ҳам россиялик икки фуқаронинг номи айтилади — «Ала-Тоо Импекс»да собиқ асосчи Виталий Слуцкий ва унинг номидан ишончнома билан компаниянинг ишига аралашган Дмитрий Орлов.

Бу компаниянинг директори ҳозир ҳам Уланбек Абикеев - у Акилбек Жапаров парламент депутати бўлганда 2000-йили ёрдамчи бўлган ва 2011-йили Жапаров президентлик сайловида қатнашаётганда унинг маблағ бўйича ишончли вакили бўлган.

Ҳужжатлар бўйича «Ала-Тоо Импекс» товарларни улгуржи сотиш билан шуғулланиши ёзилган, бироқ бу компания бирор бир фаол иш қилгани номаълум, сабаби «Ачык бюджет»нинг маълумот базаси нол бўйича ҳисобот топшириб юргани кўрсатиб туради.

Шопоков 93/2

2015-йили «Ала-Тоо Импекс» — «Ала-Тоо Рэнт» деб аталган янги компанияни тузади. Бу компаниянинг ҳам директори ўша Уланбек Абикеев бўлади. Компания Бишкекнинг марказидаги Шопоков 93/2 манзилида жойлашган. Бу ерда офисларни ижарага берган кўп қаватли бино жойлашган. Ижарачилар берган маълумотига кўра, у ҳам Акилбек Жапаровга қарашли бино.

«Жапаров икки-уч киши эгалик қиламиз деган. Офис бўйича Жапаровнинг ўзи билан сўзлашганмиз», — деб айтади бинодан 2015-йили офисни ижарага олган тадбиркор.

Минюстнинг маълумотига қараганда, Абикеев икки жамоат фондида ва сиёсий партиянинг ва бир МЧЖнинг асосчиси, бундан бошқа бизнес очмаган.

Шу билан бирга 4 компанияда директор деб ёзилган (Ала-Тоо Рэнтни қўшганда). Уларнинг бирида Акилбек Жапаровнинг қизи Саадат билан алоқаси бор.

Акилбек Жапаров ва Анара Жапарова

2009-йили очилиб, Уланбек Абикеев директорлик қилган «Глобалико Холдингс» компанияси, Акилбек Жапаровнинг аёли эгалик қилган «Дамас-Фарм» деб аталган компаниянинг ҳам асосчиларидан бири. Абикеев бизга Анара Жапарова билан фармациевтика тармоғида бизнесни йўлга қўяйлик деб, бироқ иши юришмагани сабаб тўхтатиб қўйишганини айтди.

«Глобалико Холдингс» компанияси ҳақидаги маълумотларни текшираётиб, журналистлар бу компанияни ҳам номи шундай бўлган Мальтадаги компанияни очганини аниқлашди. «Глобалико Холдингс» Бишкекнинг марказидаги «Дамас» деб аталган тўрт юлдузли меҳмонхонага эгалик қилади.

«Глобалико Холдингс» ва «Дамас» ҳақида нималар маълум?

«Глобалико Холдингс» расмий турда 2009-йили Шопоков 93/2 манзилига рўйхатга қўйилган, 2015-йили юридик манзилини ҳозирги «Дамас» меҳмонхонаси жойлашган Жумабек 107га ўзгартирган.

Ўша йили ер участкасини Чолпон Абдрахманова исмли фуқаро сотиб олганини кадастр ҳужжатларида кўриш мумкин. Журналистлар Чолпон Абдрахманова Акилбек Жапаров 2011-йили президентлик сайловига қатнашганнинг ишончли вакили Алмазбек Абдрахмановнинг опаси эканини аниқлашди.

*Чолпон Абдрахманова 2009-йилнинг октябрь ойидан бери эгалик қилади. Чолпон Абдрахмановагача ерга «Собственники жилых и нежилых помещений» деган ташкилот эгалик қилган. Бу ташкилот ҳақида маълумот топилмади. 2011-йилдан бери Қирғиз инвестиция-кредит банкида (KICB) гаровда туради. Абикеевнинг айтишича, бу бинони қуришга олинган кредитни тўлаб битишмаган.

Бинонинг ўзи «Глобалико Холдингс» компаниясининг тасарруфида эканини ва 2013-йилдан бери эксплуатацияга берилгани кадастр ҳужжатларида бор.

Бу меҳмонхонага де-факто Акилбек Жапаров эгалик қилишини бизга бир қанча манбаалар билдирди. Меҳмонхонанинг қурилиш ишларига қатнашган қурувчиларнинг бири номини ошкор қилмаслигимизни айтиб, қуйидагиларни билдирди:

«Мен сувоқда ишладим. 4-5 марта Акилбек Жапаровни, икки марта аёлини ўз кўзим билан кўрдим. Айрим вақтларда улар келиб, пастки қаватда юришганини йигитлардан эшитиб қолардим. Унинг ўғли ҳам келиб турарди, исмини унутиб қолдим. Ҳар шанба куни ўғли бизнинг маошларни олиб келиб, прорабга берарди, у бизга тарқатарди», — дейди қурувчи.

АДАМ университетининг (аввалги Бишкек молия-иқтисод академияси) пресс-релизларининг бирида тадбирни ўтказишга Акилбек Жапаров меҳмонхона бергани ацтилади.

«Тадбирни ўтказишга “Дамас” меҳмонхонасининг конференц-залини бергани учун БФЭАнинг фахрли битирувчиси, собиқ вице премьер министр, иқтисод фанлари доктори А.Ү.Жапаровни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз», — деб ёзилади пресс-релизда.

Бунинг устига Жапаровнинг ўғли Максатбек Акилбек ўғли LinkedIn ижтимоий тармоғидаги профилида ўзини Globalico Holdings компаниясининг менежери деб кўрсатган.

Акилбек Жапаров

Мустақил экспертларнинг айтишича, бинонинг тахминий нархи 8 млн доллар туради. Спутникдан олинган видеолар меҳмонхона 2010-йилдан 2013-йилгача қурилганини кўрсатади. Бу вақт Акилбек Жапаровнинг иқтисодни ривожлантириш ва савдо вазири, биринчи-вице премьер министр, депутат ва молия вазири бўлган вақтларга тўғри келади.

Солиқ хизмати номаълум сабаблар билан Акилбек Жапаровнинг декларацияларининг архивини беришдан бош тортди. Муассаса 2017-2018-йиллардаги маълумотлар солиқ хизматининг сайтида жойлашган деган жавобни берди. Очиқ маълумот манбаларида 2015-йилдан бошланган маълумотлар жойлашган, унга кўра Акилбек Жапаровнинг бир йиллик даромади 1 млн сомга етмайди.

1992-йилдан бери давлат хизматида ишлаган Жапаровнинг маоши бундай бинони қуришга етмас эди.

Акилбек Жапаров ўзи 2017-йили «ПолитКлиника»га берган интервьюсида «Дамас» меҳмонхонасига алоқаси йўқлигини айтган. Бироқ ўша суҳбатдаги сўзларига кўра, унинг аёли муваффақиятли тадбиркор, шу сабаб меҳмонхонага Анара Жапарованинг пулига ёки Абикеев айтгандай, насияга олинган пулга қурилган деган эҳтимол ҳам йўқ эмас.

Бироқ бошқа суҳбатда Жапаров у ерда аёлининг улуши борлигини айтган. Аёлини қандай алоқаси борлигини аниқлашни имкони бўлмаган.

Журналистлар Абикеевнинг ўзига изоҳ сўраб мурожаат қилишди. Унинг айтишича, «Дамас»нинг ҳам, Шопоков 93/2 манзилидаги бинонинг ҳам эгаси малталик компаниялар ва унинг эгаси Питер Мамо. У москвалик дўстлари орқали, аниқроғи россиялик фуқаро Дмитрий Орлов орқали директор бўлганини айтади. Бироқ у Жапаров билан Мальтанинг алоқаси бор деган маълумотни инкор қилди.

«Дамас» жойлашган ерга эгалик қилган Чолпон Абдрахманова билан боғланиб бўлмади, Жапаровнинг сайловда ишончли вакили бўлган унинг туғишгани Алмазбек Абдрахманов изоҳ беришдан бош тортиб, гўшакни қўйиб қўйди, кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Акилбек Жапаровнинг ўзидан ва унинг аёлидан изоҳ олиш бўйича ҳаракатларимиз самарасиз бўлди. Акилбек Жапаровнинг номига расмий хат ҳам ёздик, бироқ мақола чиқиш олдидан жавоб келмади.

Мальта компаниялари Қирғизистонда нима иш қилади?

«ПолитКлиника»нинг журналистлари Мальтада рўйхатга олинган 4 компанияни Қирғизистонга алоқаси борлигини аниқлашди. Бунгача Жапаровнинг ёрдамчиси Уланбек Абикеев директорлик қилган «Ала-Тоо Импекс» компаниясининг асосчилари Eurasia Capital Limited ва Oracul Investments. Шу билан бирга Eurasia Capital Limited компанияси Қантдаги «МИС» очиқ ҳиссадорлик жамияти акцияларининг асосий улушига эгалик қилади.

Globalico Holdings Limited Қирғизистонда шундай номдаги компанияни 2009-йили очган. Бу компаниянинг етакчилари ҳақидаги маълумотлар ҳам қизиқ. Минюстдан олинган маълумотларга кўра, 2011-йили «Глобалико Холдингс» компаниясининг директори Эмилбек Кидиралиев бўлган — у ҳозир Шопоков 93/2 манзилидаги бинонинг офисларини ижарага беради. Унинг айтишича, Акилбек Жапаров билан ҳамқишлоқ, муносабатлари яхши.

2011-йили Эльдар Алишеровни директор қилиб тайинлашади — у ҳозир иқтисод ва молия вазири Акилбек Жапаровнинг ўринбосари. У олдин Акилбек Жапаров иқтисодни ривожлантириш ва савдо вазири бўлганда ҳам ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

2015-йили малталик «Глобалико Холдингс» компанияси номидан Питер Мамо қўл қўйиб, Уланбек Абикеевни директорликка тайинлаган.

Малталик компаниялар эгалик қилган қирғизистонлик компанияларнинг ҳаммасини Акилбек Жапаровга алоқаси бор одамлар бошқарган.

Бундан ташқари, журналистлар Элдар Алишеров бошқарган яна бир «Альфатроникс» компаниясини ҳам аниқлашди. Бу компанияга эгалик қилган шундай номдаги компания Мальтада ҳам бор.

«Альфатроникс» компанияси ҳам «Ала-Тоо Импекс» ва «Ала-Тоо Рэнт» компаниялари қайд этилган Шопоков кўчасидаги бинода рўйхатга оилнган.

Журналистлар изоҳ олиш учун Алишеров билан Кидиралиевга ҳам мурожаат қилишган, бироқ иккиси ҳам Жапаровнинг малталик компаниялар билан алоқасини инкор қилишди.

Абикеев берган изоҳида, «Ала-Тоо Импекс» компаниясининг асосчиси Питер Мамо эканини айтган. Унинг айтишича, 2004-йили Мамо россиялик ҳамкори билан биргаликда банк очамиз деб, шу бинони қуришган, бироқ лицензия олишолмаган.

Бу тўрт компанияни бирлаштириб турган маълумот Мальтада рўйхатга олинганида эмас. ICIJ ташкилотининг маълумот базасига кўра, тўрт компаниянинг акцияларини ушлаб турувчи Perfin Services Ltd бўлиб саналади. Бу компаниянинг директори ва ҳиссадори Мальтанинг фуқароси Питер Мамо ва Эрика Иззо.

*Perfin Services Limited ҳақида батафсил

2013-йили камида икки фирманинг - Globalico Holdings ва Eurasia Capital Limited компаниясининг барча акциялари Maмo, Pace and Associates Ltd компаниясидан Питер Мамонинг қўли билан Perfin Services Limited компаниясига берилган. Maмo, Pace and Associates Ltd компаниясининг охирги директори ҳам Питер Мамо бўлган.

Журналистлар Perfin Services Ltd ва бошқа компанияларнинг фаолияти ҳақида бир қанча қизиқарли ҳолатларни топишди.

Oracul Investments компаниясини қўшмаган қолган уч компания Қирғизистондаги улар эгалик қиладиган компаниялар очилишидан олдин рўйхатдан ўтишган.

Мальта фуқароси Питер Мамо барча компанияларда директор сифатида ёзилган, шунингдек тўрт компанияда олдин айтилган россиялик Дмитрий Орлов асосчи қатори ёзилган.

Орловнинг номи Минюстдпн олинган "Ала-Тоо Импекс"нинг ҳужжатларида ҳам бор, унда у Виталий Слуцскийнинг номидан ёзилган ишончнома билан ишлаган, бу Орловнинг Қирғизистон билан алоқасини тасдиқлаб туради.

Журналистлар Питер Мамо ва Дмитрий Орлов ҳақида кўпроқ маълумотларни очиқ манбалардан излашди.

Айрим россия медиаларида Мамо оффшор бизнес уюштириш хизматини кўрсатувчи йирик компаниянинг асосчиси экани ёзилган.

Прессанинг маълумотига кўра, 2006-йили «Инбанкпродукт» россия банкининг директорлар кенгаши аъзоси бўлган, ўша вақтда банк бошқармасининг раиси Дмитрий Орлов бўлган. «Акипресс» нашрининг маълумоти бўйича, Инбанкпродукт 2005-йили Бишкекда ўзининг филиалини очишни режалаштирган — бу янгиликни Мамо билан Орлов Бишкекда банк очамиз деб, бино ҳам қуришган деган Абикеевнинг сўзларини исботлаб туради.

Дмитрий Орлов ҳақида маълумотлар оз. Очиқ манбалардан журналистлар уни Россия бир қанча компанияларга Виталий Слуцкий иккиси эгалик қилишини аниқлаш мумкин. Дмитрий Орлов ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ўзини янги иш бошлаган стартапларга ёрдам берган трекер деб атайди.

Орлов билан Жапаровнинг алоқаси бўйича маълумотларни билиш учун журналистлар бир қанча одамлар билан боғланишди ва Фейсбукдаги саҳифаларини қараб чиқишди. Орловнинг дўстлари орасида Акилбек Жапаров ҳам бор. Шунингдек Жогорку Кенешнинг депутатларидан бири ҳам россиялик тадбиркор Орлов билан Жапаровнинг алоқаси борлигини тасдиқлади.

«Мен у билан Жапаров орқали танишман. Жапаров иккаласи дўст. Банк тизимида ишлаган. Биз Москвага борганда ўша киши билан учрашарди, бироқ нима ҳақида сўзлашганини мен билмайман», — деди депутат.

Уланбек Абикеевнинг айтишича, Мамо — мальталик инвестор, у билан «дўсти» Дмитрий Орлов орқали танишган. У ҳам ўз сўзида Акилбек Жапаров Орлов билан дўстлигини айтган, бироқ иқтисод вазирининг малталик компаниялар билан алоқасини инкор қилган.

«Мальта компаниялари билан алоқаси йўқ. Питер Мамо билан унчалик муносабатда эмас», — деди Абикеев.

Жапаров билан Мальтанинг алоқасини аниқроқ билиш учун малталик компаниялар Қирғизистонга қандай мақсадда компаниялар очганини аниқлаш учун Perfin Services Limited компанияси билан алоқадор одамларни излашди.

Интернетдан санкт-петербурглик Олег Мельник икки сайтда Perfin Services Limited компаниясига ишлашини, Мальта билан алоқадор хизматларни бажаришини ёзган.

Бу хизматларнинг қаторида — инвестиция киритиш билан Мальтанинг фуқаролигини олиш, малталик филиал орқали солиқ тўлашни оптималлаштириш ва фондларни ва трастларни тузиш билан активларни ҳимоя қилиш каби хизматлар ёзилган.

Мальталик бу схема қандай ишлашини билиш мақсадида журналистлар Мельник билан уларнинг хизматидан фойдалангиси келаётган қирғизистонлик мижозлар билан боғланди. Биринчи сўзлашувда Мельник Мальта билан боғлиқ хизмат кўрсатмаслигини айтди, бироқ шу куни яна қўнғироқ қилиб, бундай ишлар билан Питер Мамо шуғулланишини, ўша ёрдам беришини айтди.

Мельникнинг айтишича, Мамо қўшма штатлардаги ҳамкорларига солиқ тўлашни оптималлаштириш бўйича хизмат кўрсатганини, МДҲ давлатларидан ҳам мижозлари бўлганини қўшимча қилди. У мижоз бўлиб мурожаат қилган журналистларга вазиятни батафсил тушунтириб, хат юборишини сўраб, бу хатни Мамога юборишини айтди. «ПолитКлиника»нинг журналистлари ўйлаб топилган тадбиркор бўлиб ҳам йўллашди, бироқ Мелник билан Мамодан жавоб келмади.

Журналистлар билан сўзлашаётганда Мельник Perfin Services Limited компаниясининг ҳиссадорларидан бири ва етакчиси Эрика Иззо Мальтанинг фуқролигини сотишини ва у Питер Мамонинг қизи эканини айтиб берди.

Журналистлар Орлов, Эрика Иззо билан боғланишга ҳаракат қилишди. Мамо билан боғлана олмагандан сўнг унга бериладиган саволларни қизи Эрика Иззога йўллади. Бироқ материал чиқишидан олдин жавоб бўлмади. Мельникнинг ишини тасвирлаши ва Мамо билан Иззонинг хизматлари ҳақида айтиб бергани малталик ҳамкорлар ўзларининг схемалари ва малталик компанияларни тузиш орқали солиқ тўлашни оптималлаштиришган ва активларини ҳимоя қилишга ёрдам беришини қўшимча қилди.

Муаллиф: ПолитКлиника жамоаси

Фактчекинг: Инна Кивиржик