Сузоқ: Милиция иккинчи хотин олиб тўй қилган кишининг ҳаракатида жиноят йўқ деб топди

471

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида иккинчи хотин олиб, тўй берган турғунга нисбатан қўзғалган жиноий иш қисқартирилган. Бу ҳақда «Клооп»га Жалолобод ВИИБининг матбуот хизмати билдирди.

«Тергов давомида иккинчи хотинига тўй қилиб берган кишининг аёллари бошқа-бошқа манзилларда яшагани сабаб, «Икки ёки ундан кўп хотин олиш» моддаси бўйича қўзғалган ишда жиноят белгилари аниқланмагани учун текширув иши 29 июнда қисқартирилган», — деб билдиришди милициядан.

* Қирғизистонда икки ёки ундан кўп хотин олиш тақиқланган. Олдин Жиноят кодексида кўп хотинлик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш қаралган эди. Бироқ 2017 йили тузатиш киритилганда бу моддани де криминаллаштирилиб, ҳозирда жазо — 100 минг сомдан 140 минг сомгача жарима тўлаш ёки жамоат ишларига жалб қилишга ўзгартирилган.

«Икки ёки ундан кўп хотин олиш» моддасида шундай дейилган: икки ёки ундан кўп хотин олганда, аниқроғи эркакнинг умумий хўжаликда икки ёки ундан кўп аёл билан бирга яшаши.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Муҳайё Абдраупова Жиноят кодексидаги «икки ёки ундан кўп хотин олиш» моддасини терговчилар нотўғри таҳлил қилади деган фикрда.

«Икки ёки ундан кўп хотин олиб, бироқ бошқа-бошқа яшаса милиция қарамайди. Менинг практикамда ҳам бундай ишлар бўлмоқда. Улар «ҳаёт бир хўжаликда эмас» деган сабабни айтишади. Бироқ бу нотўғри. Моддада қарама-қарши келган ҳолатлар ҳам бор», — дейди Абдраупова.

Нима бўлган?

Шу йилнинг июнь ойи бошида ижтимоий тармоқларда “«Кундошим эмас, синглимга бахт тилайман». Сузоқда ўз эрига иккинчи хотин олиб берди» номли видео тарқалган.

Видео тўйхоналарнинг бирида олинган. Унда иккинчи хотин олаётган турғуннинг биринчи аёли аёли ва болалари «бахт» тилакларини айтишган. Келган меҳмонларнинг бири «бундай ишни мард одамлар қилади» деб, унинг биринчи хотинига «миннатдорчилик» билдириб, у ваъдасида охиригача туради деб умид қилишган.

Шунингдек, тўй давомида эркак киши иккита хотини билан ҳам ўйинга тушган — тўйга келганлар қарсаклар билан пул қистиришган.

Мазкур воқеа жамоатчиликда қизғин муҳокама қилиниб, видеонинг пастига изоҳлар қолдирган эркакларнинг кўпчилиги биринчи хотинга миннатдорчилик билдиришган. Айрим аёллар эрига хотин олишга розилик берган аёлни танқид қилиб, «бу ақлга сиғмаган иш эканини» айтишган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари унинг биринчи аёли «бунга чидай олмай ўзини осган деган маълумотлар борлигини» ёзишган.

Бироқ Жалолобод милицияси «аёл ўзини осибди» деган маълумот ёлғон эканини, иккинчи хотин олган турғуннинг воқеаси «икки ёки ундан ортиқ хотин олиш» моддаси билан судгача тергов бораётганини билдирган.