Бишкекнинг Биринчи май туман судининг матбуот хизмати 30 июнда собиқ бош вазир ўринбосари Тайирбек Саопашевнинг «Қумтўр»даги коррупция иши муносабати билан қўйилган эҳтиёт чораси ўзгартирилганлигини хабар қилди.
Унга кўра, 29 июнь куни суд Сарпашевнинг эҳтиёт чорасини ҳеч қаерга кетмаслик ҳақидаги тилхатга ўзгартириш қарорини қабул қилган. Амалдор қўлга олингандан кейин МХДҚ ҳибсхонасида сақланаётган эди.
Суддан Сарпашев суд охирига қадар мамлакатдан чиқиб кетмаслик тилхати асосида озодликда юриши айтилди.
Тайирбек Сарпашев МХДҚ тарафидан 18 июнда «Қумтўр иши» бўйича «коррупция» гумони билан ҳибсга олинган.
Махфий хизмат маълумотларига кўра, Сарпашевнинг мамлакатнинг юқори сиёсий раҳбарияти ва Канаданинг Centerra компанияси вакиллари билан махфий музокаралар олиб бориб, Қумтўр конидаги музликларнинг экологик хавфсизлигига ва компания манфаатларига зарар етказишга қаратилган жиноий ҳаракатлари аниқланган.
Сарпашевдан ташқари, «Қумтўр» иши бўйича яна бир қатор сиёсатчилар ҳам ҳибсга олинган, жумладан собиқ бош вазирлар Ўмурбек Бабанов ва Муҳаммадқоли Абилгазиев, иккаласи ҳам МХДҚ ҳибсхонасида.
Ҳибсга олинганлар орасида парламент депутатлари ҳам бор. Улар: Торобай Зулпукаров, Талантбек Узақбаев, шунингдек бош вазир ўринбосари Алмазбек Баатирбеков, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Данияр Наримбаев ҳамда собиқ депутат Исҳақ Пирматов.
«Қирғизпатент» раҳбари Динара Молдошева ҳеч қаерга кетмаслик тилхати асосида озод қилинган. Унинг вояга етмаган болалари бўлгани учун қамоққа олинмаган.
Бош прокуратура Қумтўр конини қазиш бўйича битим атрофидаги коррупция бўйича тергов бошлаганлигини 2021 йилнинг 21 майида билдирган.
Назорат органининг маълумотига таянсак, 1992 йилнинг 2019 йилгача юқори лавозимдаги шахслар ва «Қирғизалтин» раҳбарияти «ҳукумат ваколатларига эгалик қилиб турганда» Канаданинг «Камеко» ҳамда Centerra Gold Inc компаниялари билан ноқонуний моддий ва бошқа бошқа бойликка эга бўлиш мақсадида «қонунга зид ва доимий алоқа тузиб», «Қумтўр» конини қазишда Қирғизистон учун бир қатор манфаатсиз битимларга розилик беришган.
«Камеко» ва Centerra Gold Inc компаниялари Қумтўр конини Давидов ҳамда Лисий музликлари ҳудудида қазий бошлаган. Аммо кейин «Камеко» келишимдан чиқиб кетган, Centerra Gold Inc эса кон қазишни ёлғиз давом эттирган.