Россиянинг «Спутник V» вакцинасини энди ёшига қарамай Қирғизистоннинг барча фуқаролари олиши мумкин. Бу ҳақда 24.kg нашрига Республика иммунопрофилактика (РИМ) марказидан билдиришди.
Олдин бу вакцина 65 ёшдан катталарга ва сурункали касаллиги борларга қилинган.
Иммунопрофилактика марказининг маълумотига кўра, вакцина Бишкекнинг №1, 2, 3, 5, 6, 7 ва №8 оилавий тиббиёт марказларида бор.
РИМ «Спутник V» вакцинасини пойтахтдан ва ҳудудлардаги бошқа муассасалардан олса бўлиш-бўлмаслигини айтишмаган.
Россия ишлаб чиқарган вакцинанинг 80 минг дозадан иборат охирги партияси Қирғизистонга 17 июнда олиб келинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакцина 40 минг кишига етишини айтган.
Бунгача соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев рус вакцинасини Қозоғистондан сўраймиз деган.
«Қозоғистон гуманитар ёрдам беришга тайёр. Улар вакцинани Россия билан биргаликда ишлаб чиқара бошлади*. 500 минг доза сўрамоқчи эдик, камида 100 минг доза беради деб умид қиламиз», — деган вазир.
*Қозоғистон Россия билан биргаликда Қарағанда фармацевтика комплекси базасида «Спутник V» вакцинасини чиқармоқда.
Бу вакцинани Қозоғистондан олиб келишда муаммо бўлмаслиги керак деб айтилган.
«Спутник V» вакцинасидан ташқари Қирғизистонда Хитойнинг Sinopharm вакцинаси ҳам бор.
300 минг дозадан иборат вакцинани Хитой бепул беради. Биринчи 150 минг доза ўлкага марта олиб келинган. Вакцинанинг иккинчи партиясини — қолган 150 дозасини, Қирғизистон ҳукумати бир неча ҳафтадан бери олиб келолмайди.
Уни олиб келиш Хитойга бўлган авиарейслар йўқ бўлгани учун кечикаётганини маълум қилган.
«Вакцина 20 июнда тайёр бўлган. Уни Қирғизистонга олиб келишга UNICEF кўмаклашмоқда. Ҳозирда авиарейслар саноқли бўлгани учун ташкилот препаратни Туркия орқали чартер рейс билан олиб келишни режалаштирмоқда. Вакцинани етказиш соғлиқни сақлаш вазирлигига эмас, у автарейслар сабаб кечикмоқда», — деб билдирган Республика иммунопрофилика марказининг директори Гулбара Ишенаписова.
Бундан ташқари, Қирғизистонга AstraZeneca [ҳозирги номи Vaxzevria] вакцинасининг келиши ҳам кутилаётгани маълум бўлди. Уни олиб келиш муддати ҳозирча номаълум, бироқ келишув бўйича у Жанубий Кореядан келиши керак.
Бу орада Қирғизистонда 25 июнга кўра вакцинанинг биринчи дозасини 102 303 киши олган, иккинчи доза билан 75 122 одам эмланди.