Сиёсатчи Жениш Молдокматов 6-июлга қадар қамоқда қолдирилди

325

Бишкек шаҳар суди «Туран» партиясининг лидери Жениш Молдокматовнинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришсиз қолдирди — у 6-июлгача №1 тергов изоляторида бўлади. Бу ҳақда унинг адвокати Кантемир Турдалиев билдирди.

«Кўпчиликни “боласи бор, онаси бор” деб чиқаряпти. Буни ҳам вояга етмаган болалари бор. Шундай эплаб-сеплаб, [ишни] руслар айтмоқчи “из пальца высосали”. Агар “оммавий тартибсизликлар уюштиришда” айблайдиган бўлса, унда ўша Ала-Тоо майдонида 12 партиянинг лидерларини, тарафдорларининг ҳаммасини чақириши керак эди. Интернетдан ҳам кўрсангиз бўлади, ўша ерда қанча одам сўзлаганини: амалдаги ҳукуматдагилар ўша ерда сўзлашган», — деди Турдалиев.

Шунингдек, Турдалиев Молдокматовнинг қамоқда қолдирилганини асоссиз деб, у бирор марта терговга чақирилмаганини таъкидлади. 

Бу орада Бишкек шаҳар суди олдида Молдокматовнинг ўнлаган тарафдорлари йиғилди. Улар «Молдокматов қамалса амалдаги ҳукумат легитимсиз», «Октябрь воқеасига мақом берилсин», «Жениш Молдокматовга озодлик» ва «Женешни қамалиши ҳукумтанинг қўрқоқлиги!» деган транспорантлар билан чиқишди. 

Сурат: Айдай Токоева / «Клооп»

Молдокматовнинг қўлга олиниши

Ички ишлар вазирлигининг тергов хизмати Жениш Молдокматовни 6-майда қўлга олган. У «Жойни, бинони ёки қурилмани ўзбилармонлик билан эгаллаб олиш ёки босиб олишда» гумон қилинмоқда. 

Терговнинг версияси бўйича, Молдокматов 5-6-октябрь кунлари Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг биносини босиб олиб, собиқ президент Алмазбек Атамбаени бўшатишга мажбурлаган. Кейинчалик сиёсатчининг адвокати Турдалиев унинг моддаси «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга» алмашганини билдирган. 

Биринчи май туман суди 8-майда Молдокматовни икки ойга қамоққа олган. «Туран» партиясининг лидери қамоқда ёзган хатида давлатда «адолат ва ҳақиқатга бўлган умид ўчди» деб билдирган.

«Олдин қўйилган "бинони босиб олиш" айби “оммавий тартибсизлик уюштириш” моддасига ўзгартирилиб, 2 ойга қамоққа олди. Октябрь оцидаги тартибсизликларни Жениш Молдокматов уюштирган эмас. У ёлғиз бўлмаган. Сайловдан ўтмай қолган партияларнинг лидерлари меморандум тузиб, тинчлик митингига чиқишган», — деди Турдалиев.

Сиёсатчи Жениш Молдокматов бу вақтгача президент Садир Жапаров бош бўлган ҳукуматни танқид қилиб келган. Молдокматов Жапаров таклиф қилган Бош қонунга қарши эканини билдириб, «Ханституцияга қарши» марказни бошқарган. У янги бош қонун қабул қилинса, ҳукумат узурпацияланиши мумкинлигини айтган. 

Шунингдек сиёсатчи «Кемпир-Абад» сув омбори четидан Ўзбекистонга ер беришга қарши чиқиб, МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиевнинг ҳаракатларини танқид қилган. 

Бундан ташқари, Молдокматов Ташиев қирғиз-тожик чегарасида отишувларни олдини олишга ҳаракат қилмади деб, унинг истеъфосини талаб қилган.