Тожикистон чегарадаги қуролли тўқнашувда 19 киши ҳалок бўлиб, 87 одам жабрланганини билдирди

313
Қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувда ҳалок бўлганларнинг таъзияси. Исфара шаҳри. Сурат: «Озоди»

Тожикистоннинг Соғди вилоятининг маъмурияти қирғиз-тожик чегарасидаги можарода 19 фуқаро ҳалок бўлганини ва 87 киши яраланганини тасдиқлади. Бу ҳақда тожикларнинг «Asia-Plus» нашри маълум қилди.

Қуролли тўқнашувдан жабрланган тожик фуқароларига ҳукумат томонидан 3 млн сомони ажратилгани ҳам маълум қилган — бу 265 минг АҚШ долларга яқин маблағ.

Бунгача «Озоди» нашри ўзининг ҳисобларига таяниб умумий 20 тожик фуқароси ҳалок бўлганини хабар қилган — уларнинг 11 нафари ҳарбий.

Тожик ҳукумати қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда ярадор бўлганларнинг ва ҳалок бўлганларнинг сонини очиқламаган.

Қирғизистон эса қуролли тўқнашувда 189 киши яраланиб, уларнинг орасидан 36 қирғиз фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилган. Ўлганларнинг орасида 12 ёшли ўсмир қиз ва 4 ёшли бола ҳамда уч қирғизистонлик ҳарбий бор.

Энг кўп йўқотишлар Кўктош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлаш жойида бўлган — унда тожик томондан отилган миномётдан 25 киши ҳалок бўлган.

Қирғизистоннинг ФҲВ қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода 129 уй ва 84 объект жабрланганини маълум қилди.

Президент Садир Жапаров 6 майда Лайлак туманидаги Максат қишлоғининг турғунлари билан учрашувда қурбон бўлганлар оиласига 1 млн сом миқдорида компенсация тўланишини билдирган. Шунингдек, у Баткен вилоятига ўзгача мақом берилишини ва ёқилган уйларнинг ўрнига замонавий турар-жойлар қурилишини айтган.

Қирғиз ҳукумати Баткен вилоятидаги чегарага яқин қишлоқларни қайта тиклашга 700 млн сом ажратган. Унинг 500 млн соми ижтимоий объектлар қуришга сарфланади. Шу билан бирга ҳукумат жабрланганларнинг уйларини қуриб бериш мажбуриятини олади, бироқ уларнинг ўғирланган мол-мулкига жавоб бермайди.