БМТнинг вакиллиги қизларни зўрлаб олиб қочишни тўхтатишга чақирди

315

Қирғизистондаги БМТнинг вакиллиги Айзада Канатбековани зўрлаб оила қуриш учун ўғирлаб, кейин ўлдирилиши бўйича билдирув тарқатди.

Халқаро ташкилот Канатбекованинг ўлими «шундай шафқатсиз ҳодисаларни умуман йўқ қилиш учун вақт келганини яна бир марта қайғули равишда эслатмоқда» деб ҳисоблайди.

«Қирғизистонда ёки дунёнинг қайси бурчида бўлмасин аёллар ва қизлар ўз юртида ўғирлашга, зўравонликка учрамай, хавфсиз яшашга ҳақли», — деб эслатган улар.

Қирғизистондаги БМТнинг вакиллиги ўз билдирувида ҳукуматни, ҳуқуқ тартибот органларини, куч тизимини «Жиноят кодексининг «Одамни оила қуриш мақсадида ўғирлаш» моддасига мувофиқ рўйхатга олинган жиноий ишларга етарлича эътибор қаратиш ва қараб чиқиш учун ўз вақтида, координацияланган чораларни кўришга», бу ишларни «самарали ва тез текширишга» чақиради.

Ташкилот президент Садир Жапаров билан премьер-министр Улукбек Мариповнинг «Айзаданинг ўлими такрорланмайдиган миллий фожиа» қатори сифатлаган билдирувини «қўллайди».

«Бирлашган миллатлар ташкилоти аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча турларига, улардан «олиб қочишга» боғлиқ барча ҳаракатларга қаршилигини кўрсатган Қирғизистон халқини қўллайди», — деб билдирувда таъкидланди.

Шунингдек, мазкур ташкилот аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва олдини олиш бўйича «қонунлар ва қоидаларни қабул қилиниши ва уларга амал қилишни» узлуксиз таъминлашга чақирган.

Бундан ташқари, Қирғизистон зўравонликни бошидан ўтказганларга хавфсизликни ва ҳимояни, судда ҳимоянинг адолатли қуролларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаб бериб, айбдорларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш керак.

Бу биринчи билдирув эмас

2018 йили Бурулай Турдали қизи ўғирланиб, милиция биносида ўлдирилишидан кейин Қирғизистондаги БМТнинг вакиллиги ўлка ҳукуматини аёл-қизларни ўғирлаш ҳаракатларини тўхтатиш учун «барча тегишли чораларни кўришга» чақирган.

Ўша вақтда Халқаро ташкилот Қирғизистон ҳукуматини ёш болалар орасидаги қийноқ йўли билан оила қуришни тақиқлаб, зўравонликнинг қурбонларини ҳимоя қилишда «халқаро шартномаларни ва миллий қонунларни аниқ бажаришга» чақирган.

Сабаби «аёл-қизларни ўғирлаш, мажбурлаб оила қуриш каби одатларни Қирғизистоннинг маданиятига, урф-одатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ, аксинча аҳолининг қуйи қатламларининг ҳуқуқни топташ бўлиб саналади».

2020 йилнинг декабрь ойида ЮНИСEФ — БМТнинг болалар фонди, БМТ-Аёллар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг бошқармаси Қирғизистонни «Гендер зўравонлик, айниқса болаларга нисбатан бўлган зўравонлик жазоланмай қолишини туб томири билан йўқ қилишга» чақирган. Бунга Иссиқкўл вилоятида бир судья 13-ёшли қизни кўп йиллар зўрлашда айбланган икки кишини тўлиқ оқлагани сабаб бўлган. Шунда уч айбланувчининг бири, 45 ёшли киши 7 йил 6 ойга кесилган.

Бироқ икки марта ҳам қизларни, аёлларни ҳимоя қилиш бўйича жиддий ислоҳотлар бўлмаган.

Айзада Канатбековани ўғирлаш ва ўлдириш

Айзада Канатбекова 5 апрелда тонгги соат 5:00да ўғирланган. Унинг жасади 7 апрелда Бишкекка яқин қишлоқларнинг ёнида автомашинанинг ичидан топилган. Шунингдек, автомашина ичидан уни ўғирлаб кетган одамнинг ҳам ўлиги топилган. Дастлабки маълумотлар бўйича, Тенизбаев Айзадани футболка билан бўғиб ўлдириб, кейин ўзининг томирини кесган.

Қизни ўғирланиб, ўлдирилиши жамиятда катта муҳокамага сабаб бўлди. 300га яқин киши 8 апрелда норозилик билдириш учун Ички ишлар вазирлигининг биноси олдига йиғилиб, вазир Улан Ниязбековни ва Бишкек шаҳар ИИББ етакчиси Бакит Матмусаевни истеъфосини талаб қилишган.

Митингга парламент депутатлари Айсулуу Мамашева, Наталя Никитенко ва Дастан Бекешев ҳам қатнашган. Улар парламентга ИИВ етакчиси Улан Ниязбековни истеъфога чиқариш таклифини киритишни айтишган.

Кейинчалик милиция Тенизбаев Россиянинг бир қанча суди томонидан жиноий жавобгарликка тортилиб, темир панжара ортида умумий 7 йил ўтирганини билдирган. Озодликка чиққандан кейин у депортация қилиниб, Россияга кириш тақиқланган.

Канатбековани ўғирланиши ва ўлими бўйича ҳукумат раҳбари Улукбек Марипов ва президент Садир Жапаров ҳам ўз фикрларини билдиришган. Марипов бундай ҳаракатлар кечирилмаслигини айтиб, «олиб қочиш урф эмас, бу жазоланадиган жиноят. Биз буни ўлкадаги ҳар бир инсонга етказишга мажбурмиз», — деб билдирган.

Президент Садир Жапаров Канатбекованинг ишини шахсан ўз назоратига олишини билдириб, унга шунчалик шафқатсизларча муносабатда бўлган қайғули воқеа, тарихда олиб қочишнинг охиргиси бўлиши керак деб билдирган. Унинг айтишича, мазкур иш якунига етказилиши зарур ва албатта жазо бўлади.

Қирғизистон муфтийининг ўринбосари Қадир Маликов ҳам Айзада Канатбекованинг ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича изоҳ берди. У қизнинг оиласига ҳамдардлик билдириб, мусулмонлар учун бундай ҳаракатлар катта айб эканини, шариатга қарши эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Қизни ўғирлашда иштироки бор дейилган тўрт гумонланувчи қўлга олиниб, улар Бишкек шаҳар ИИББ тергов қамоғига киритилди. Прокуратура Айзада Канатбекованинг ўғирланиши бўйича милициянинг ҳаракатларини текшира бошлади — Бишкек ШИИБнинг тергов хизмати раҳбари Нурлан Утемисов одам ўғирлаганларнинг машинасини излашга бюрократик чўзишлар тўсқинлик қилганини билдирган. Шунингдек, милиция амалдорларининг айтишича, терговчилар машинанинг эгасини излаб, гумондорларга телефон орқали боғланишга ҳаракат қилишган.

“ Янги кодекс ишга тушиши билан текширув процедураси қийинлашди. Ҳар бир тергов ҳаракати учун терговчи олдин прокуратурада розилик олиб, кейин судга боришади, шундан кейин суд ўз қарорини чиқаради. Қамоққа олиш қарорини ҳам суд беради. Шуларнинг ҳаммаси жиноятларни айниқса, ўта оғир жиноятларни фош қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда», — деб билдирган Утемисов.

Агар Бишкек ШИИБнинг криминал милициясининг раҳбари Улан Айтбаевнинг сўзига ишонадиган бўлсак, улар ўғирланган қизнинг шахсини аниқлашга 8 соат сарфлашган. Шунингдек, у мобил алоқа маълумотларини аниқлашдаги қийинчиликлардан ҳам шикоят қилган.

Норозилик намойишининг иштирокчилари қиз тирик бўлган вақтда чора кўрмаган милиция ходимларини бефарқлиги учун Бишкек ШИИБнинг раҳбари билан Ички ишлар вазирини истеъфосини талаб қилишди. Матмусаев ҳозир истеъфога чиқмаслигини ва қизни ўғирлаганларни қидириш унинг асосий мақсади эканини айтди — шу куни кечда гумондорларнинг ҳаммаси қўлга олинган.

Депутатлар ИИВ раҳбари Улан Ниязбековни парламент олдида иш бўйича ҳисоб беришини талаб қилишган. Улар ҳам вазирнинг истеъфосини талаб қилишди. Ниязбеков эса ИИВ жавобгарликдан қочмаслигини ва «ахлоқий» айбини тушуниб турганини билдирган.