Бишкекдаги мактаблар ва бола боғчалар онлайн ўқишга ўтади

313

Бишкек шаҳридаги мактаблар ва болалар боғчалари яна тўлиқ ҳолда номаълум муддатга масофадан ўқиш режимига ўтади. Бу ҳақда шаҳар мериясининг матбуот хизмати билдирди.

«Кечиринглар! Яна онлайн-ўқишга ўтамиз. Ҳурматли шаҳарликлар, ота-оналар, болалар! Пойтахтда эпидемиологик ҳолат кескинлашмоқда, охирги ҳафтада Бишкек шаҳрида COVID-19 билан пневмония касаллигига чалинганларнинг сони бироз кўпайганини сезилмоқда», — деб айтилади мериянинг 6 апрель куни кечда тарқатган маълумотида.

Муассаса билдиришича, 6 апрелда эпидемияга ва эпизоотияга қарши шаҳар тезкор комиссиясининг йиғини ўтказилган.

«Болаларнинг, ота-оналарнинг ва ўқитувчиларнинг хавфсизлиги учун эпидемиологик ҳолат яхшилангунча мактаблар билан бола боғчаларини ўқитиш жараёнини 2021 йилнинг 12 апрелидан бошлаб онлайн режимга ўтказиш қарори чиқарилган», — деб билдирди матбуот хизмати.

Бироқ участка сайлов комиссияси жойлашган 14 бола боғчаларининг тарбияланувчилари 8 апрелдан бошлаб масофадан ўқишга ўтишади. Бу чора сайлов комиссиялари жойлашган мактабларида ҳам қўлланиладими йўқми айтилган эмас.

Шунингдек, муниципалитет бутун шаҳар бўйича санитар назорат кучайтирилиб, хўжалик субъектларини* текширувчи мобил бригадалар кўпайтирилганини билдирди.

*Текширув коронавирусни олдини олиш нормаларини сақлашга алоқадор — инспекциялар киришлардаги санитайзерлар билан тепловизорлар бўлишини текширади. Шунингдек, хўжалик субъектларининг ходимлари билан кириб-чиққан одамлар ижтимоий масофани сақлаши, ниқоб режимига амал қилиши, бино ичида қўшимча дезинфекция ишлари боришини назорат қилади.

Бишкек мерияси шаҳар турғунларини оммавий тадбирларга бормай, гигиена қоидаларини сақлашга, ниқоб тақишга ва ижтимоий масофани сақлашга чақиради.

Бунгача соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирининг ўринбосари Улук-Бек Бектурганов Бишкек шаҳри «қизил зона» деб топилганини билдирган. У карантин ва чеклов чораларини қабул қилиш масаласини маҳаллий штаблар эпидемик ҳолатга қараб ҳал қилинишини маълум қилган.

Қирғизистондаги эпидемик ҳолат

Ҳукумат коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини келмоқда деб бир неча марта билдирган. Кун сайин тиббиёт ходимлари COVID-19 юқтиришнинг 100лаган ҳолатларини аниқлашмоқда. Одатда, касаллик юқтирганларнинг кўпчилиги Бишкек шаҳри ва Чуй вилоятида бўлмоқда.

20 мартда Республика штабнинг йиғинида биринчи вице-премьер-министр Артём Новиков барча даражадаги тиббий муассасалар COVID-19 касаллигига чалинган беморлар сони кўпайишига тайёр бўлиши керак деб билдирган.

«Вазият кескинлашса, барча куч ва воситаларнинг ишлаш алгоритми тайёр бўлиши керак. 1 апрелда соғлиқни сақлаш тармоғининг барча муассасалари кислород бериш тизимига қўшилиши керак, олис ва ярим стационар тиббий муассасалар кислород концентраторлари билан таъминланиши зарур», — деган у.

27 мартда Новиков Республика штабнинг йиғинида ҳозирча ўлкада чеклов чоралари кўрилмаслигини, бироқ жамоат жойларида санитар нормалар кучайтирилишини хабар қилинган.

Ҳозирча Бишкек мерияси 1 апрелдан бошлаб шаҳарнинг барча савдо марказларида кўнгилочар ўйин майдонларини икки ҳафтага ёпиб, болалар учун ўйин майдонлари ишини тўхтатишга қарор қилган. Шунингдек, мерия 6, 7, 8 ва 10-синфлар ўқувчиларини 1 апрелдан бошлаб офлайн ўқишга юбормаслик қарорини қабул қилган.

6 апрелда Бишкекнинг вице-мери Айжан Чинибаева шаҳарликлардан ниқоб тақмаган одамлар кўп йиғилган жойларни аниқлаб, мериянинг ходимларига маълум қилишни сўради. У муниципалитет чора кўради деб ваъда берди.

Қирғизистонда масофадан ўқиш

Давлат мактаблари билан бола боғчаларини очиш масаласи пандемия бошлангандан бери муҳокама қилиб келинади.

Республикадаги мактаб ўқувчилари ўтган йилнинг 8 апрелидан бери масофадан ўқишга ўтган.

Ўлкада ФҲ ва ФВ режими киритилгандан кейин Билим бериш вазирлиги тез орада масофадан билим олишнинг ўқув дастурини ишлаб чиққан. Барча ўқув материаллари муассасанинг махсус сайтига жойланиб, телевизор орқали эфирга берилган.

Бироқ кўпчилик ота-оналар онлайн- ўқишни танқид қилишган, аниқроғи бу ердаги ўқув материалларининг сифатига норози бўлишган. Шунингдек, ота-оналар керакли гаджетлар, телевизор ва интернет етишмаслигидан норози бўлишган.

Ҳозир коронавирус пандемияси сабаб ишини тўхтатган муассасаларнинг охиргилари мактаблар ва болалар боғчалари бўлмоқда. 18 январда анъанавий ўқиш режимига Бишкекдаги 1, 5, 9 ва 11-синфнинг ўқувчилари қайтган. Давлат бола боғчалари очилмаган. Бизнес, муниципал транспорт ва бозорлар каби бошқа тармоқлар тўлиқ ишлашмоқда, бироқ санитар талаблар бажарилиб, коронавирусни олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусий бола боғчалари ва мактаблар ҳам очилган, 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб санитар талабларни бажариш шарти билан фаолиятини давом эттиришмоқда. Офлайн режимда хусусий ўқиш курслари, болаларни ва ўсмирларни ривожлантириш марказлари ишламоқда.