Бишкекда 5-апрелнинг тонгида нотаниш одамлар олиб қочган қиз бедарак

338

5 апрель куни тонгги соат 7:00да Бишкекдаги Медеров ва Тинистанов кўчаларининг кесилишида 1994 йили туғилган қизни олиб қочишган. Биринчи май туман ИИБдан «Клооп»га билдиришича, айни вақтда қиз ва уни ўғирлаганлар қидирилмоқда.

Милициянинг маълумотига кўра, соат 7:30да 102 рақамига хабар тушган. Милиционерлар чақирув бўлган жойга борганда уч номаълум киши К.А. фуқарони «Хонда» русумидаги автомашинага ўтқизиб, номаълум томонга кетганини аниқлашган.

Мазкур факт Биринчи май ТИИБда ЖУР рўйхатга олиниб, «Одамни оила қуриш мақсадида ўғирлаш» моддаси бўйича судгача текшириш иши бошланган.

*«Одамни оила қуриш мақсадида ўғирлаш» моддаси бўйича ўғирлаганлар 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

«Ҳозирги вақтда қизни ва номаълум кишиларни қаерда юрганини аниқлаш учун қидирув ва тезкор тергов ишлари бормоқда», — деб таъкидлашди милициядан.

Қизни олиб қочиш видео-кузатув камераларига ёзилиб қолган. Видеода қизнинг олдига бир киши келиб, уни куч билан автомашина томон етаклаганини кўриш мумкин. Кейин қизнинг ёнига яна икки киши келиб, қизни куч билан қизил рангдаги автомашинага солишган. Шу машинага икки киши ўтириб, учинчиси таксига (машина устида таксининг белгиси бор) тушиб кетган.

«Охирги марта синглим тахминан кечки 18:00да алоқага чиққан. Ҳаммаси яхши деб айтган, бироқ телефонини тортиб олишгани эшитилиб турган. Уни куч билан олиб кетган автомашина Сосновка қишлоғидаги кузатув камерага тушиб қолган, бироқ кейин йўқолган», — деган йўқолган қизнинг акаси 24. kg нашрига.

Қизнинг қариндошлари уни ўлканинг жанубий томонига олиб кетишган бўлиши мумкин дейишмоқда. Уларнинг айтишича, олиб кетганларнинг бири анчадан бери қизнинг «тинчини бузган».

«Синглимни олиб қочган одамнинг эс-ҳуши жойида эмас. У 30 ёшдан ошган. Неча марта айтдик, синглимни тинч қўй деб. Бу қиз отасиз катта бўлган. Онаси милицияга ариза ёзди, бироқ уни қидиришмаяпти. Онаси қизидан хавотирда», — деб билдирган қариндоши.

Қирғизистонда қиз олиб қочиш

Жиноят кодексида мажбурлаб никоҳ ўқитиш учун одам ўғирлаш жинояти учун 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Вояга етмаганларни олиб қочганлар 7,5 йилдан 10 йилгача судланади ва 200 минг жарима тўлайди.

Бироқ ўлкада қизларни уйланиш учун олиб қочиб, қизлар бош тортган ҳолда уларни таъқиб қилиб, ҳужум қилиб қўрқитган ҳолатлар давом этмоқда. Статистика бўйича Қирғизистондаги ҳар бир 17-қизни эркига қарши олиб қочишган.

Олиб қочишга дучор бўлган аёллар кўп ҳолларда оилавий зўравонликдан жабрланиб, ҳуқуқлари камситилади.

Жамиятда энг катта резонансга сабаб бўлган воқеа — бу 19 ёшли Бурулай Турдали қизининг олиб қочилиши бўлди. Уни 2018 йили бир одам икки марта олиб қочган. Иккинчи мартасида эркак кишини милиция ушлаб, ТИИБга қамоққа олган. У ерда қизни ўлдириб қўйган.

Биринчи олиб қочиш 2018 йили 4 майда бўлган, бироқ унда Бурулайни уйига қайтариб келишган, қизнинг оиласи милицияга шикоят қилмаган.

Бироқ олиб қочган йигит иккинчи марта ҳам жиноятга қўл урган. Ўша ойнинг охирида қизни яна уйининг олдидан олиб қочган. Бироқ милиция ўғирлаганларни қўлга олган. Милиция бўлимида Бурулай билан гумондорни бир бўлимда қолдиришган, кейин у Бурулайга ҳужум қилиб, жабрланувчи пичоқдан ўлган.

Свердлов туман суди уни 20 йилга кучайтирилган тартибдаги қамоққа ҳукм қилиб, марҳумнинг оиласига 800 минг сом компенсация тўлаш мажбурияти юкланган. Қизни ўлишига йўл қўйган милиция ходимларига санкциялар қўлланилган. Бироқ республикада қизларни олдингидай олиб қочиб, оила қуришга мажбурлашади, реклама берувчилар, сериал тасвирга олганлар ва айрим поп-юлдузлар бу жиноятни очиқ пропагандалаб келишади.