Новиков мактаблардаги билим беришдан норози. У реформа ўтказишни топширди

262

Биринчи вице-премьер-министр Артём Новиков давлатнинг таълим тармоғини танқид қилди. Бу ҳақда ҳукуматнинг матбуот хизмати билдирди.

Амалдор мактаб ва мактабдан ташқари билим бериш масалалари бўйича бир қанча ислоҳотлар ўтказилишига қарамай, тизим самараси бермаётганини таъкидлади.

Новиковнинг айтишича, ўқув дастурини ўзини ҳам яхши деб айтиб бўлмайди — бир қанча фанлар «ортиқча қўйилган», базали дарсларга эътибор берилмаган.

«Бир ҳафталик соатларнинг умумий сони: математика бўйича соатлар 1-11-синфларда – 57дан 52гача, табиий фанлар бўйича 51дан 46 соатгача қисқарган. Шу сабаб таълим вазирлиги ҳозирги мактаб дастурини базали фанлар, табиий математика цикллар бўйича соатларни кўпайтириш билан қайта кўриб чиқиш топшириғи берилган», — деди у.

Вице-премьер мактабда билим беришнинг янги стандартини тузишга чақирди. У мактабларнинг аккредитацияси ва директорларнинг аттестацияси ҳақида огоҳлантириб, аттестация «ёқмаган директорларни ишдан бўшатиш қуролига айланмаслиги кераклигини» билдирди.

«Аттестациянинг асл мақсади — болаларнинг билим сифатини ошириш, чунки билимли болалар – халқимизнинг олтин фонди бўлиб ҳисобланади. Мактабда болаларни ўқитиш-тарбиялаш ишларини тўлиқ циклини қайта тиклаш учун бор кучимизни сарфлашимиз керак», — деб вице-премьер билдирди.

Амалдорнинг айтишича, ўлкага янги таълим стандарти керак, уни Иқтисод ва молия вазирлигининг кўрсатмасига қарамай тузиш керак.

«Келинглар, 1-11-синфлар учун мактабдаги билим беришнинг сифатли стандартини ва нормал ўқув дастурини тузайлик, кейин уни Иқтисод ва молия вазирлигида ҳимоя қиламиз», — деди у.

Новиков бу ишни бир-икки ой ичида якунлаб, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ишга тушириш зарурлиги ҳақида тўхталди. Йиғин якунида таълим вазирлигига мактаб таълим стандарти лойиҳасини қайта кўриб чиқиш бўйича йўл картасини тузиш, 1-11-синфлар учун базистик ўқув режаси лойиҳасини тайёрлаш ва янги ўқув йилидан бошлаб, сентябрда мактаб спортини ривожлантириш бўйича «Мактаб лигаси» лойиҳасини ва мактаб тиббиёти бўйича лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Ҳукуматнинг режаси бўйича, Қирғизистоннинг барча мактаб ўқувчилари 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб анъанавий таълим формасида мактабга қайтишади. Олдин ўқувчиларнинг кўпчилиги COVID-19 инфекцияси тарқалиши ҳавфи сабаб онлайн-форматда ўқишган.

Бироқ кўпчилик ота-оналар онлайн ўқитишни танқид қилиб, ўқув материалларининг сифатидан норози бўлишган. Шунингдек, ота-оналар керакли гаджетлар, телевизор ва интернет етишмаслигидан шикоят қилишган.

Ҳозир коронавирус пандемияси сабаб ишини тўхтатган муассасаларнинг охиргилари мактаблар ва болалар боғчалари бўлмоқда.

Унга кўра, 18 январда анъанавий таълим режимига Бишкекдаги мактабларнинг 1, 5, 9, 11-синфлари қайтишган. Давлат болалар боғчалари очилмаган.

Бизнес, муниципал транспорт ва бозорлар каби бошқа тармоқлар тўлиқ ишламоқда, бироқ санитар талаблар бажарилиб, коронавирусни олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусий болалар боғчалари ва мактаблар ҳам очилган, 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб санитар талабларни бажариш шарти билан фаолиятини давом эттиришмоқда. Оффлайн режимида хусусий ўқув курслари ва болалар ва ўсмирларни ривожлантириш марказлари ишламоқда.