Патрул милициясидан хабар қилинишича, спортчи Жоламан Шаршенбеков хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда автомобил бошқаргани учун жарима тўлайди. Бунга қадар унинг жамоадоши Марлен Асикеев Шаршенбековнинг Сербияда ўтган Жаҳон кубогида олтин медалга эга бўлгани учун ҳомийлар совға қилган янги автомобилини бошқариб юрган видеосини эълон қилган эди.
Видеода Шаршенбеков машинани хавфсизлик камарини тақмай бошқариб юрган. Кўп ўтмай бунга милиция реакция қилган.
Қонун бўйича,Қирғизистонда хавфсизлик камарини тақмагани учун жарима пулининг миқдори 1000 сомни ташкил қилади.
Спортчига Mercedes-Benz W211 русумидаги автомобилни «Сажда» мусулмон кийимларини сотувчи дўкон совға қилган. У мазкур дўконнинг юзи (амбассадор) бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек янги автомобилга Руслан Царев ҳам эга бўлган. У айни мусобақада бронза медалга эга бўлиб, Toyota Camry 50 автомобилини совғага олган.
Жоламан Шаршенбеков грек-рим кураши бўйича Жаҳон кубогида олтин медаль ютиб олган. Руслан Царев ва Каали Сулайманов эса бронза медали сохиби бўлган.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг кураш бўйича аёллар терма жамоаси Жаҳон кубогида уч медалга эга бўлган. Айсулуу Тинибекова билан Мээрим Жуманазарова олтин, Айпери Медет қизи эса бронза медални қўлга киритган.