4 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдида сурункали буйрак касаллигига чалиниб, гемодиализ олган беморларнинг митинги ўтди. Улар «Фрезениус» гемодиализ маркази дориларни танлашда уларнинг ҳуқуқини бузаётганини билдиришди.
“Гемоглобинни кўтарадиган «Рекормон» деган препарат «Эпосан» биосимилярига алмаштирилган”, — деб айтишди митингчилар.
Шунингдек, митингга йиғилганлар уларни гемодиализни биргина марказда олишга мажбурлашга қарши чиқишди. Уларнинг айтишича, «Фрезениус»нинг беморлари «гаровда» қолган — уларга қонунда кўрсатилганидай ўз ихтиёри билан гемодиализ марказини танлашга ва Қирғизистон бўйича юришга рухсат берилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев митингчилар билан учрашиб, масалани ўрганиш учун шанба кунигача вақт беришни сўради. Вазирнинг айтишича, у норозиликка чиққан томоннинг лидерлари билан ўтаётган ҳафтанинг охирида учрашиб, масалани муҳокама қилади.
Шунингдек, гемодиализ олганлар президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаровга хат йўллаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан «Фрезениус» фирмасининг ҳамкорлигини текширишни илтимос қилишган. Уларнинг айтишича, улар беморларнинг ҳуқуқини бузиш билан чекланмай, гемодиализ хизматининг нархини ҳам кўтариб олишган.
“«Фрезениус»нинг ҳар бир беморига давлат 2 112,50 сом ортиқча тўламоқда. Давлат бир йилда 100 436 700 млн сом ортиқча тўлайди. Бу пулга бюджет диализига навбатда турган 5-стадиядаги СБК [сурункали буйрак касаллиги] билан оғриганлар бепул диализ олишарди”, — деб билдиришди «Гемодиализ билан оғриганлар бирлашмасидан».
«Фрезениус» маркази ҳақида нималар маълум?
Fresenius Medical Care — сурункали буйрак касаллигини даволашга йўналтирилган воситалар ва хизматлар билан иш олиб борган дунёдаги олдинги компанияларнинг бири. Қирғизистоннинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Fresenius Medical Care билан давлат-ҳусусий ҳамкорлик лойиҳаси асосида гемодиализ хизматини кўрсатиш бўйича 2017 йили шартнома имзолаган. Шундан бери сурункали буйрак касаллиги билан жабрланганлар учун тўрт марказ ишлаб келади. Уларнинг иккиси Бишкек шаҳрида жойлашган.
2018 йили гемодиализ билан давлат томонидан таъминланган беморлар ҳам норозилик билдиришган. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги синовдан ўтган Швейцариянинг «Рекормон» воситасини Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Репоитин» воситасига алмаштирган эди. Норозиликдан кейин вазирлик уларни «Рекормон» билан таъминлаб, сўнгра Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарларидаги беморларни «Фрезениус»га ўтказиб берган.
Мазкур компанияни дунё бўйича гемодиализ хизматини кўрсатган бошқа фирмаларга нисбатан нархи қиммат деб бир неча марта айтишган. АҚШнинг Юстиция вазирлиги 2019 йили Fresenius Medical Care компаниясини соғлиқни сақлаш муҳитидаги амалдорларга ва 13 давлатнинг ҳукумат органларига пора беради деб айблаб, 231 млн доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур қилган.