Сооронбай Жээнбеков президентлик лавозимини топшираётиб, Қирғизистоннинг Россиядаги мухтор элчиси Аликбек Жекшенкуловни эгаллаган хизматидан бўшатгани маълум бўлди. Бу ҳақда 14 октябрда ҳукуматнинг «Эркин Тоо» газетаси ёзди.
Жээнбековнинг фармонида элчи «ишончни йўқотгани» учун ишдан бўшатилган деб ёзилган.
Жекшенкулов ишдан олингани ҳақида расмий билдирув олмаганини ва бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали эшитганини билдирган.
«Ишдан бўшатилганимни ижтимоий тармоқларда ўқиб, ҳайрон қолдим. Бу мен учун кутилмаган янгилик бўлди», — деб билдирди элчи Россиянинг «ТАСС» нашрига берган интервьюсида.
Жекшенкулов бу вақтгача Греция ва Черногорияда элчилик лавозимида ишлаган, 14 октябрда Арманистондаги элчи этиб тайинланган.
Қирғизистоннинг Россиядаги мухтор элчиси ким бўлиши ҳозирча номаълум.
Россиялик сиёсатчи ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Жекшенкуловни ишдан олиниши кутилмаганда бўлди, бунинг сабаби ажабланарли бўлди деб ҳисоблайди.
«Жекшенкуловнинг кетиши ҳақидаги янгиликларни эшитиб лол қолдим. Қолаверса «ишончни йўқотгани сабаб» деган тушунтириш билан экан. Балки менга элчининг фаолияти ҳақида кўп нарса маълум эмасдир. Бироқ элчиликнинг ва унинг ходимларининг пандемия вақтида жуда оғир аҳволда қилган ишларини, қирғизистонлик муҳожирларнинг бошига тушган қийин кунларни, оғир шароитдаги ҳаракатларини кўриб, чин юракдан имкони борича ишлашди деб айта оламан», — дейди Дубнов.
Сиёсатшуноснинг айтишича, элчининг ишдан бўшатилишининг асосий сабаби Жээнбеков таъкидлаганидан фарқ қилиши мумкин.
«Қирғизистоннинг элчисини Москвадаги хизмат ўрни республиканинг янги, вақтли лидерининг атрофидагиларга керак бўлиши мумкин деб айта оламан. Агар шундай бўлса, жуда ачинарли. Бу версия қанчалик ҳақиқат эканини яқинда кўрамиз. Мен эса унинг қилган иши учун Жекшенкулов жанобларига ҳурматим чексиз», —деб сўзини якунлади Дубнов.