Аввалги «Ганси» авиабазасидаги обсервация инфекция касалхонасига айлантирилиши режалаштирилмоқда

333

Ҳукуматнинг матбуот хизмати билдиришича, COVID-19га чалинган беморлар даволанаётган эски «Ганси» авиабазасидаги «Семетей» обсервациясини минг ўринли инфекция касалхонаси қилиб жиҳозланиши режалаштирилмоқда.

Обсервацияни касалхона қилиб жиҳозлаш масаласини вице-премьер-министр Аида Исмаилова ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Мадамин Каратаев россиялик инфекционистлар билан бирга муҳокама қилишган.

«Бунда етарли миқдордаги ётоқ ўринларини тузиш, жумладан жонлантириш бўлимида ҳамда қабул қилиш блогини замонавий ускуналар билан қўшимча турда жиҳозлаш таклиф қилинмоқда», — деб билдирилди матбуот хизматидан.

Россиялик мутахассислар обсервациянинг базасида юқумли касалликлар шифохонасини тузишнинг аҳамиятини таъкидлашди. Чунки, бу ерга бошқа беморларни оддий тартибда қабул қилишга имконият беради.

Исмаилова аввалги «Ганси» базасида бир мингдан ортиқ ўрин уюштириб, касалхонанинг базасида лаборатория тузиш мумкинлигини айтди.

Аввалроқ премьер-министр Кубатбек Боронов COVID-19нинг иккинчи тўлқинига тайёрланиш учун ҳукумат муниципал биноларни инфекция касалхоналарига мослаштириб жиҳозлашни билдирган. Бундан ташқари Бишкек ва Ўшда юқумли касалликлар учун шифохона қурилади.

Ҳукумат июль ойида Бишкекда коронавирус кучайиб, касалхоналарда ўрин етишмай қолгандан кейин шундай қарорга келган. Улар касалхоналарга келган кучни камайтириш учун кундузги ва тунги стационарларни очишган.

4-августдаги маълумот бўйича, республика бўйича жами 37 541 кишида коронавирус аниқланган. Касалликдан 28 743 киши соғайиб, 1 427 киши вафот этган.