Бишкекда Covid-19га чалинган 27 ёшдаги кардиолог вафот этди, вазирлик ҳозирча тасдиқлагани йўқ

401
Жумабай Бекмуратов

Бишкек шаҳрида кардиолог ва реаниматолог-анестезиолог шифокор Жумабай Бекмуратов 13-июлда вафот этди. Унинг яқинлари айтишича, у коронавирус юқтириб олган эди. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорнинг ўлимини тасдиқлагани йўқ.

«1 ҳафта аввал" дўстим концентратор олиб қўйиш керак бўляпти" деб ёзган эдинг. Беморларга керак шекилли деб, концентратор сотган одамнинг рақамини берибман. Ўшанда соғлигингни нимага сўрамадим мен?! Кетдик Туркияга десам, “ҳамманглар кетсанглар Қирғизистонда ким қолади” деб қолгандинг. Орамизда энг яхшиси эди! Бугун қирғиз яна бир яхши фарзандидан ажралди!» — деб ёзди фейсбукда унинг дўсти Нурсеит Мамиров.

Бекмуратовнинг вафот этганини устози, Боткен вилоят гимназиясининг география ўқитувчиси Султан Момунов тасдиқлаб, уни энг кучли ўқувчиси қатори хотирлади.

Унинг айтишича, марҳум унга коронавирусни юқтириб, аммо ундан соғайганини айтган. Аммо кўп ўтмай Момунов ўқувчисининг касалдан вафот этгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитган.

Марҳумнинг жасади Баткен вилоятидаги Қора-Боғ қишлоғида 14-июлда дафн қилинди.

У Мирсаид Миррахимов номидаги Миллий кардиология ҳамда терапия марказида меҳнат қилаётган эди. Биз мазкур марказ билан боғландик. Дастлаб бир неча вақтдан кейин аниқлаб беришни ваъда қилиб, аммо икки кун ўтса ҳам шифокорнинг ўлими ҳақида маълумот бера олишгани йўқ.

Биргина ўзини тизимли маъмуро деб таништирган киши шу каби воқеа бўлган деб айтди, аммо расмий изоҳ беришдан бош тортди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова марказ билан боғланиб Бекмуратов ҳақида маълумот олиб беришини айтди. Аммо мақола чиқишидан аввал жавоб ололмадик.

Бекмуратов Боткен вилоят гимназиясини тугатгандан кейин, Ахунбаев номидаги Қирғиз миллий тиббиёт академиясида кардиология бўйича таълим олган. Уни якунлаб, айни ўқув юртининг анестезиология-реаниматология кафедрасида билим олган. 2014-йили Туркиядаги касалхоналарнинг бирида тажриба алмашиб қайтган.

Бекмуратов 23 ёшидан Мирсаид Миррахимов номидаги Миллий кардиология ва терапия марказида меҳнат йўлини бошлаган.

Кардиолог ҳам, анестезиолог-реаниматолог ҳам бўлиб ишлаган Бекмуратовнинг ортида ёш рафиқаси ва бир ўғли қолди.

Мамлакатда жами бўлиб 1980 тиббиёт ходими COVID-19ни юқтириб – унинг 580 нафари касалликдан соғайиб чиқди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий маълумотига кўра, коронавирус юқтириб олти тиббиёт ходими вафот этди.

Айни вақтда пневмонияга чалиниб вафот этган тиббиёт ходимларининг сони бир қанча кўп. Ҳукумат етакчиси Кубатбек Боронов пневмонияни коронавирус пайдо қилаётганини тан олди. Аммо шунга қарамай коронавирус билан пневмониянинг статистикаси алоҳида олиб борилмоқда.

Депутат Дастан Бекешев ҳукумат статистикаларини алоҳида ҳисоблаётганини тиббиёт ходимларига тўланувчи компенсация билан боғлайди.

Ҳукумат иш вақтида коронавирусни юқтирган тиббиёт ходимларига 200 минг сом, вафот этган тиббиёт ходимларининг оиласига эса 1 млн сом компенсация тўлаб беради. Аммо ҳозирча касаллик юқтирган қанча шифокорга компенсация тўлаб берилгани номаълум.