Ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили Акилбек Осмоналиев 18-майда ўтган брифингдв вилоятга киришнинг ва чиқишнинг қоидалари ҳақида айтиб берди.
Энди Иссиқкўл вилоятининг ҳудудига кириш учун паспорт керак бўлади.
«Иссиқкўл вилоятига Балиқчи шаҳридаги Ак-Кеме санитар-карантин пости орқалигина кириш мумкин. Кириш вақтида паспортни кўрсатиш талаб қилинади. Балиқчи шаҳридаги постда вилоят касалхонасининг лабораторияси ўрнатилган, кириб бораётганлардан симптомлар топилган ҳолатда экспресс-таҳлиллар олинади. Текширув алгоритмига кўра, ССВнинг барча тавсиялари сақланади», — деб билдирди Осмоналиев.
Шундай қилиб, вилоят ҳудудига киришда COVID-19нинг йўқлиги ҳақида маълумотнома талаб қилинмайди. Шунингдек, вилоятга кириб бораётган шахсда инфекция белгилари йўқ бўлган вақтда у 14 кунлик обсервацияга олинмайди.
Аммо бу талаблар 4-майдан бошлаб вилоятнинг ҳудудига кираётганларнинг бари учун мажбурий бўлган.
Ҳукумат бу қарорни келишилмаган деб айтиб, Иссиқкўл вилоятининг тезкор штабида ўзбилармонлик билан қабул қилинган деб билдирган.
Шунингдек бундай чекловлар нолойиқ деб топилиб, Осмоналиевга огоҳлантириш берилган.
Бунинг бари вилоятдаги коронавируси мавжуд охирги 10 бемор тузалиб, касалхоналардан чиқарилгани ортидан бўлган. Ўшанда маҳаллий ҳукумат коронавирус инфекциясининг вилоятга кириб кетишига йўл қўймаслик учун Иссиқкўлга киришда ва чиқишда чекловлар қўйишга қарор қилган.
Иссиқкўл вилоятидан чиқишда «Кызыл Омпол» пости ишламоқда ва у постда рухсат берилган пропуск қоғозлари текшириб турилади.
«Уларни туман администрацияларидан ва шаҳарларнинг мэрияларидан олса бўлади. Ҳудуддан-ҳудудга кириш тақиқланган, шу сабабдан зарурат бўлмаса, уйда бўлишингларни илтимос қиламан», — деди Осмоналиев.
18-майга келиб, Иссиқкўл вилоятида COVID-19га чалинганларнинг энг оз сони қайд этилган — 13 киши.
Бишкекда инфекция юқтириб олганларнинг сони 323, Чуй вилоятида 205, Ўш шаҳрида 124, Ўш вилоятида 189, Жалолободда 154, Норинда 183 ҳамда Баткен вилоятида 25 кишига етди.
Жами бўлиб мамлакат бўйича COVID-19 инфекцияси 1216 кишида аниқланган — уларнинг ичидан 14 нафари вафот этиб, 827 киши шифо топган.