Қирғизистонда коронавирусни яна беш шифокор юқтиргани аниқланди 

339

Республика штаби ўтган кеча-кундузда Қирғизистонда яна 5 тиббиёт ходимида COVID-19 аниқланганини хабар қилди. Коронавирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларининг уч нафари Норин вилоятида, қолганлари Бишкекда ва Жалолобод вилоятида фаолият олиб борган. 

Мамлакат бўйича коронавирус юқтирган тиббиёт ходимларининг сони 231 нафарга етди — уларнинг 166си касалликдан шифо топиб, бир нафари вафот этди. Ҳукумат шифокорнинг оиласига 1 млн сом товон пули берилишини маълум қилди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимлари қандай йўл билан касални юқтириб олганини аниқлаш учун махсус комиссия тузган. Комиссиянинг хулосаси асосида иш асносида коронавирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларига 200 минг сом компенсация тўланади. Вафот этган шифокорларнинг оиласига эса 1 миллиондан товон пули беради. 

Шунингдек COVID-19ни юқтирган беморларни даволаган шифокорларга 29 мингдан 49 мингга қадар қўшимча ҳақ бериладиган бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Молия сиёсати бошқармасининг етакчиси Мирлан Атакулов коронавируснинг марказида меҳнат қилган тиббиёт ходимларига тўланувчи маблағнинг қиймати 34 миллион 963 минг сомни ташкил қилганини билдирди. Март ойида касалнинг ўчоғида жами бўлиб 6036 тиббиёт ходими меҳнат қилган. 

Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 931 нафарга етди — янги 25 ҳолат қайд этилди. Уларнинг ичидан ўн икки нафари вафот этиб, 658 киши касалдан халос бўлди.