Қирғизистонда коронавирусни юқтириб олганларнинг сони 298 кишига етди. Улардан бири вафот этди

529

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Мадамин Каратаев 10-апрелда Қирғизистонда коронавируснинг янги 18 ҳолати қайд этилганини маълум қилди — уларнинг беш нафари тиббиёт ходимлари.

«Бишкек шаҳрида олти, Чуй вилоятида саккиз, Жалолобод вилоятида уч ва Иссиқкўл вилоятида бир ҳолат қайд этилди. Уларнинг етти нафари аёл, ўн бири эркак», — деди Каратаев.

Шунингдек Каратаев Новқат ҳудудий касалхонасида 87 ёшдаги киши вафот этганини айтди.

Коронавирусни юқтириб олган одамлар билан алоқада бўлганларнинг сони 6047 нафарни ташкил қилди — уларнинг 1058 нафари касалга чалинганларнинг оила аъзолари.

Шу билан коронавирусни юқтириб олган фуқароларнинг сони 298га етди. Уларнинг 154 нафари аёл, 144 нафари эркак. Касалхоналарда эса 254 киши ётибди — уларнинг саккиз нафари оғир аҳволда.

Шунингдек 5-февралдан 10-апрелга қадар жами 22 804 кишидан таҳлил олинган. Уларнинг 20 575 нафарининг натижаси чиққан.