«Ҳаммомдан кеч келдинг». Ўшда машинаси билан хотинини судраган киши қўлга олинди

448

Ўш вилоятининг Қорасув туманининг 44 ёшдаги турғуни «Турмуш» нашрига эри тарафидан зўравонликка учраганини билдирди. У бош мияси чайқалиб Ўш шаҳар касалхонасида даволанмоқда. Жабрланувчининг турмуш ўртоғи 19-февралда Ўш ШИИБи тарафидан қўлга олиниб, «Безорилик» моддаси билан судгача текширув бошланди.

Аёлнинг айтишича, турмуш ўртоғи 16-февралда «ҳаммомдан нимага кеч келдинг» деб автомобили билан уриб, шундан кейин қўлидан ушлаб бир неча метргача судраган. Кейин эри воқеа бўлган ердан машинасини ҳайдаб кетиб қолган.

«Уйга борганда баданим оғрий бошлади. Ўнг томоним билан машинага судралган эдим. Ундан аввал машинаси билан урганда машинасининг олдига ётиб қолганман. Соат 13:00да ҳаммомга бориб, соат 18:00да қайтганман. Боламни ҳам ёнимга олиб олгандим. Дам олиш куни бўлгани учун жамоат транспортлари озроқ бўлиб, кўп вақт кичик автобусни кутиб қолдим. Уйга ювиниш жойига бирга борган дугоналарим бориб, тез ёрдам билан касалхонага келдим», — деб тушунтирган жабрланувчи.

Аёл эри «нимага кеч келасан?» деб савол бериб, шундан кейин «алдама сен бошқа ерга боргансан» деб айтганини билдирди.

Жабрланувчи турмуш ўртоғи билан 25 йилдан бери бирга яшайди. Уларнинг тўрт қиз, бир ўғли бор. Унинг айтишича, у касалхонада икки кундан бери ётса ҳам эри келиб ҳҳол-аҳволини сўрамаган.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуот котиби Абсатар Тавакалов «Клооп»га мазкур факт бўйича Қорасув туманининг 48 ёшдаги турғуни қўлга олинганини билдирди. Гумондор вақтинча ушлаб турилувчи ерга киргизилди.

«Дастлабки тергов амаллари давомида «Безорилик» моддаси билан қайд этилди. Терговнинг давомида яна қаралади. Экпертизанинг натижаси билан модда қайта квалификацияланиши мумкин», — деди Тавакалов.

Оиладаги зўравонлик

Ўш шаҳридаги «Ак журок» кризис марказининг етакчиси Дарика Асилбекованинг айтишича оилавий зўравонликка кўпинча аёллар дучор бўлади. 2019 йили марказга 1084 киши мурожаат қилган, уларнинг 140 нафари эркак, қолганини аёллар ташкил қилган.

«Оилавий зўравонликка учраганларнинг аксар қисми узоқ муддатгача хўрланиб юриб, буни зўравонлик деб ҳисобламай қолишган. Охирида тушуниб, хўрлашга чидамай қолганда 4-5 боласини ташлаб, ёки олиб чиқиь кети қолишади. Улар жисмоний, руҳий зўравонликка учрашади», — деди Асилбекова.

У зўравонликка кўпинча 20 ёшдан 45 ёшгача аёллар дучор бўлишини айтади.

Шунингдек аксарият вақтда аёллар низо чиқармасликка харакат қилиб, болаларини қараб, оилани сақлаб қолишларини айтади.

Бош прокуратуранинг маълумоти бўйича 2019 йили Қирғизистон бўйича  6145 оилавий зўравонлик факти рўйхатга олинган. Оилавий зўравонликдан эса энг кўп аёллар жабрланган — 5 659. Эркакларнинг сони деярлик 11 ҳисса кам — 486.

Мазкур фактларнинг 649и Жиноятлар ва қилмишларнинг умумий реестрига қайд этилган. Унинг тўрти «Қотиллик», 451и «соғлиққа оғир ва оғир бўлмаган зарар етказиш», олтиси «зўрлаш ва жинсий турдаги зўравонлик харакатлар» моддалари билан рўйхатга олинган. Қолган 5496 факти Қилмишлар бўйича кодексида назарда тутилган моддалар билан қайд қилинган.