Депутат Аида Исмаилова 13-февралда Жогорку Кенешнинг йиғинида Норин вилоятида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакилларига чой бериш учун тиббиёт ходимларидан 200 сомдан тўпланганини айтиб чиқди.
Депутат «Клооп»га хабар қилишича, бу ҳақда унга Норин вилоятининг шифокорлар марказининг уч ходими айтган. Депутат бу кўриниш одатга айланиб қолганини ва бунга салбий муносабатда эканини қўшимча қилди.
«Медик, педагог, ижтимоий ходимларнинг маоши етарли эмас, қўллов кўрсатишнинг ўрнига охирги пулларини тортиб оляпмиз. Балки етакчилари 200 сом нима бўларди деб тўплагандир, аммо мен тилга олган хизматнинг эгаларига бу жуда катта маблағ бўлиб ҳисобланади», — деб норози бўлди Исмаилова. У бундан кейин бундай кўринишларни ҳуқуқ тартибот органлари назоратга олиши кераклигини билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова депутат қайси раҳбарлари ҳақида айтаётганини билмаслигини ва бу бўйича аниқлаш ишлари олиб борилаётганини айтди.
«Биз ҳам жавобини кутиб ўтирибмиз. Маълумот олишимиз билан билдирамиз. Охирги вақтларда у ерга ҳеч ким бормаган. Қайси комиссия ҳақида айтаётганини билмайман. Командировка бўлса бизга дарров билиниши керак эди. Норин вилояти бўйича координаторнинг жавобини кутиб турайлик. Ҳозирда координатор йиғин ўтказяпти», — деди матбуот котиби.
Сўнги вақтларда депутат тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш ташаббусларини кўтариб келади. Масалан, у шифокорларга ҳужум учун 60 мингдан 80 минг сомгача жарима солишни ёки олти ойдан бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашни таклиф қилган.
Исмаилова 2015 йилдан бери «Республика — Ата-Журт» фракциясининг Жогорку Кенешдаги депутати. 2020 йили октябрда Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловини ўтказилмоқчи.