Бишкек ШИИБи «Фактчек»нинг бош муҳаррири Болот Темировга ҳужумга оид жиноят ишини қўзғади. Жиноят «Ўғрилик» моддаси билан умумий реестрга расмийлаштирилди.
Бироқ Темиров ўғрилик бўлмаган деб билдирган. Унинг айтишича, уни калтаклашаётганда телефон қўлидан тушиб қолган. Номаълум одамлар қочиб кетгандан кейин, у телефонини тополмай қолган.
«Одамлар ўғирлаш учун эрталабки 9дан 12:30гача кутиб ўтиришмайди. Калтаклаш пайтида “Чўнтакларини қара” ёки “телефонни олдим, қочдик” деган каби буйруқлар бўлмаган. Ёнимда ноутбук бор эди, аммо ҳужум қилганлар уни олишмаган, демак уларни қимматбаҳо нарсалар қизиқтирмаган», — деб билдирган Темиров.
ШИИБнинг матбуот котиби Улан Жумаков «Азаттык»қа берган интервьюсида қўйилган модда Темировнинг соғлигига етказилган зиён оғирлигини аниқловчи экспертизанинг натижаси билангина ўзгартирилиши мумкинлигини хабар қилган.
«Ҳозирда судгача текширув иши бормоқда. Унинг асносида гумондорларни қўлга олиш бўйича тезкор тергов тадбирлари ўтмоқда», — деб билдиришган матбуот хизматидан.
Ишни Биринчи май туман ИИБи олиб бормоқда
9-январда номаълум уч киши «Фактчек» нашрининг бош муҳаррири Болот Темировни калтаклаб кетишган. Ҳужум қоқ тушда, таҳминан соат 13:30да таҳририят идорасининг ёнида юз берган. Ҳужум қилганлар Темировнинг қўл телефонини тортиб олишган.
Factchek.kg — фактларни текшириш устида иш олиб борувчи сайт. Factchek.kgнинг журналистлари фейк аккаунтларни фош қилиб, сиёсатчилар билан арбобларнинг суратларининг ҳақиқий-ҳақиқиймаслигини (масалан, собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг «Азаттык» ҳамда «Клооп»нинг коррупцияга қарши суриштирувида фигурант бўлган Хабибулла Абдуқодир билан тушгани эҳтимол бўлган суратини) текшириб, аввалроқ «Клооп»нинг материалида исми тилга олинган бошқа фигурант Райимбек Матраимовни рафиқасининг қимматбаҳо аксессуарлари ҳақида ҳусусий суриштирувини чиқарган.
Муаллиф: «Клооп» мактабининг талабаси Адеим Убакеева