Ҳукумат Иссиқкўл вилоятидаги уран кони бўйича «ЮрАзия»нинг лицензиясини чақириб олди — Боронов

694
Вице-премьер-министр Кубатбек Боронов. Иллюстратив сурат

Вице-премьер-министр Кубатбек Боронов 25-апрелда Тош-Булоқ уран конига бориб, Балиқчи шаҳрининг маҳалий турғунлари билан учрашди. Учрашув вақтида у ҳукумат «Қирғизистондаги ЮрАзия» компаниясининг Тош-Булоқ уран конида геологик разведка ўтказишга лицензиясини чақиртириб олганини билдирди. Бунгача Тош-Булоқда уран ишлаб чиқариш режалаштирилган эди.

«Уран конидаги ишлар тўхтатилди. Ҳозирда "ЮрАзия" компанияси қидирув ишларини ҳам амалга оширгани йўқ. Ер хазинасини фойдаланиш комитети компаниянинг лицензиясини қайтариб олди. Энди улар ҳеч қандай фаолиятни олиб боролмайди», — деб келтиради Бороновнинг айтганларини «Кабар» нашри.

Вице-премьер-министр бу қарорнинг сабабини тушунтириб бергани йўқ ва лицензиянинг тўхтатиб турилиши бўйича расмий ҳужжатларни кейинчалик беришни ваъда қилди.

У Иссиқкўлдаги ёзги сайёҳлик мавсумига халал бериб қўймаслик учун маҳаллий турғунларни  29-апрелдан кейин митингга чиқмасликка чақирди.

Ҳукуматнинг ва Саноат давлат комитетининг матбуот хизматларидан «Клооп»нинг мухбирларига  компаниядан лицензия чақиртириб олингани бўйича маълумотни тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

Боронов «ЮрАзия»нинг лицензияси чақиртириб олинганлигини Иссиқкўл вилоятидаги Тош-Булоқ конида уран қазиш режалаштирилаётгани сабабли митинглар ва фуқароларнинг норозилиги ортидан очиқлади. Тош-Булоқда уран қазишга қарши петиция 27 мингдан ортиқ қўл тўплаган.

Митинглардан кейин ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев Тош-Булоқ уран конида ишларни тўхтатиб туришни буюрган. Компания биноларининг барига муҳр босилиб, ишчилар уран конидан чиқарилган.

Ҳукумат раҳбари уран конидаги ишларнинг атроф-муҳитга таъсирини «синчиклаб» текширувчи комиссия тузган. Унинг хулосасидан кейин кондаги ишлар давом этиб ёки давом этмаслигини хал бўлиши режалаштирилган.

Шу билан бирга парламентнинг депутатлари уран қазишга мораторий киргизиш бўйича икки қонун лойиҳасини илгари суришган. Улардан бири ўлка бўйича 2070 йилга қадар уран қазишга мораторий киргизишни таклиф қилади, иккинчиси эса 20 йилга тақиқлаб, Иссиқкўл вилояти билангина чекланади.