Қирғизистон парламентининг депутати Исхак Масалиев «Азаттык» радиосидаги «Ҳукумат сирлари» дастурининг бошловчисига берган интервьюсида, ҳукумат содиқлик учун депутатларни қандай қилиб сотиб олишини айтиб берди.
«Ҳукумат сирлари» дастурида Масалиев журналист Бермет Букашевага, депутатни сотиб олишнинг порадан бошқа яна кўп йўли бор эканини айтган.
«Турли йўл билан сотиб олиш мумкин: яқин қариндошини ишга жойлаштириш, агар депутатнинг ишхонаси бўлса, ишхонасига имкониятлар яратиб бериш ёки унга нисбатан жазо чораларини қўлланмаслик», — дейди Масалиев. Унга ҳеч ким пул таклиф қилмаганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Масалиевнинг айтишича, баъзан депутатнинг яқин кишисига қарши жиноят ишини қўзғаб туриб, қайта тўхтатиб, шундай қилиб «қармоққа илиб олишади».
Масалиевнинг тушунтиришича, депутатлар ҳукуматга содиқ бўлишлари мумкин. Чунки ҳукумат маблағнинг қаерга бўлишини хал қила олишади. «Депутат молия министридан мактабнинг таъмирига пул сўраса, министрўйлаб туриб: “Эртаю кеч уришаверадиган Масалиевга бергандан ўкра, бизга доимо содиқ бўлган мана шунга берганим яхши”, — деб айтади. Силлиқроқ қилиб айтганда, бу депутат ва ҳукумат ўртасидаги хамкорликнинг бир тури», — дейди парламентарий.
Депутатнинг сўзига кўра, парламент кўп ҳолларда ҳукумат билан келишишга мажбур. Чунки бу «депутатларнинг ўзини ҳимоя қилиш инстинкти» бўлиб қолган. Чунки 2010 йилдан бери депутатларга қарши жиноий ишларни кўпроқ қўзғай бошлашган.
«Афсуски КҚХ (МХДКга қарашли коррупцияга қарши курашиш хизмати) ва прокуратуранинг ходимлари ҳукуматнинг қўлида қурол бўлиб қолди. Истаган ҳукумат — улар учун қайси ҳукумат эканининг фарқи йўқ», — деб сўзини хулосалади у.