Қирғиз ОАВси ҳукуматнинг истеъфоси ёки парламент коалициясининг тарқаш (бу министрлар кабинетининг ҳам истеъфосига олиб келади) эҳтимоли билан боғлиқ материалларни кетма-кет эълон қила бошлади. «Клооп» парламентнинг депутатлари билан эҳтимолий кризис ҳақида суҳбатлашиб кўрди.
Ҳозирда бир неча нашрлар ва сиёсатшунослар ҳукуматнинг истеъфоси ёки кўпчилик коалициянинг тарқаши тўғрисидаги фаразларни чиқара бошлади — масалан, «К-Ньюс» нашри ўз манбасига таяниб билдиришича, КСДПнинг депутати Иса Омуркулов премьер-министрлик хизматига номзод бўлиши мумкин, «Азаттык» радиоси эса мазкур масалани депутат Жанар Акаев билан муҳокама қилган.
Коалициянинг тарқаши мумкинлиги ҳақидаги сўзлар депутатларнинг ўртасида ҳам юрибди. Коалицияга кирмаган «Ата Мекен»нинг халқ вакиллари депутатлар ўртасида фикр келишмовчиликлари бор эканини айтишмоқда.
«Муҳолифатнинг депутатлари доимо қарши фикр билдиришади, улар коалициянинг тезроқ пачаланишидан манфаатдор. Агарда у тарқаб кетса ҳукумат ҳисоботини тинглатмай истеъфога кетади», — деб билдирган «К-Ньюс» нашрига депутат Сайдулла Нишанов.
«Клооп»нинг журналистлари кўпчилик коалицияга кирган депутатлардан коалициянинг тарқаш эҳтимоли қанчалик экани ва уларнинг Сапар Исаковнинг ҳукумати бўйича муносабатлари қандай эканини сўраб кўришди.
Депутатларнинг жавоблари бир бирига ўхшаш ва уларни қуйидаги тезисларга бўлиш мумкин:
- Коалициянинг тарқаши ҳақидаги сўзлар — бу миш-миш;
- Биз ҳукуматнинг ҳисоботини кутяпмиз, шундан сўнг фаолиятига баҳо берилади;
- Исаковда камчиликлар бор, лекин у ишлаяпти.
Айнуру Алтибаева, СДПК:
Менинг маълумотим бўйича, коалициядан чиқиш бўйича гап йўқ. Амалдаги коалицияни биз тузганмиз, президент уни тузишга мандатни КСДПга берган. Шундан кейин коалиция ҳукуматни ташкил қилган. Шунинг учун ҳозирча коалициядан чиқиш бўйича гап бўлмаган.
Бизда турли маълумот порталлари, телеканаллар кўп, турлича сўзлар бор, бизда журналистлар фаол. Ҳар хил гап-сўзлар юрибди. Менинг қўлимда ҳукуматнинг ҳисоботи бор. Мен кўриб чиқдим, кўрсаткичлар ёмон эмас, ЯИМ ўсмоқда, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда сон кўрсаткичлари бўйича ўзгаришлар бор.
Ҳукуматнинг бошқа лойиҳалари бўйича алоҳида саволлар бўлиши мумкин. Парламентда ҳукуматнинг барча комитетлар ва фракцияларда кўриб чиқилади. Мен ҳозир ҳукуматнинг иши бўйича бир нарса дейиш қийин деб ўйлайман, ҳисоботни ўқиб чиқиш керак.
Мен бугун премьер-министрнинг ИЭМ бўйича қарорини қўлладим, Исақов ҳукумат комиссиясининг хулоасасини тўла кўриб чиқиб, Миллий энергохолдингни ҳамда «Электр станциялар»ни бошқарган шахслар ўз фаолиятлари ёки фаолиятсизликлари учун жавобгарликка тортиш кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди. Бу бу борада премьер-министрни қўллайман.
Дастан Бекешев, КСДП:
Мен [КСДП коалициядан чиқиш-чиқмаслиги ва ҳукуматнинг кетиши ёки кетмаслигини] вақт кўрсатади деб ўйлайман. Ҳукуматнинг ишида камчиликлар бор, лекин у астойдил ишлаяпти.
Анвар Артиқов, КСДП:
Бизда [КСДП] бунақа гап бўлмаган. Бу ёлғон маълумот. Мен бирорта ҳам депутатдан [коалициянинг тарқаши ҳақида] бунақа гап эшитмадим. Расмий миёсда бу муҳокама қилинмади.
Ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида ҳеч нарса айтолмайман. Мен [ҳукуматнинг] иши тўғрисидаги ҳисоботни олдим, ҳозир уни кўриб чиқяпман. ИЭМ бўйича саволлар юор. Лекин биз комиссиянинг ҳукуматнинг бунга (ИЭМдаги аварияга) қанчалик айби бор экани бўйича қарорини тинглашимиз керак.
Мен ИЭМ бўйича комиссиянинг хулосаси қачон тайёр бўлишини билмайман. Аммо менга аварияда инсон факторларни ҳисобга олиб, жиддий камчиликлар бўлгани ҳақида биламан. Иссиқлик марказидаги авария — бу айнан масъулиятсизлик. Комиссия хулосаси билан ҳукуматнинг истеъфоси тўғрисида масала пайдо бўлиб қолиши мумкин деб ўйлайман.
Мухтарбек Айнакулов, КСДП:
Бу ҳақда (коалициянинг тарқаши) мен ҳеч нарса эшитмадим. Буни нима кераги бор? Журналистлар доим бир сенсацияни истайди, ўлкага тинчлик керак. Коалициянинг тарқаши ва ҳукуматнинг истеъфоси — бу миш-мишлар. [Исаковнинг] ёш жамоаси ишлашда давом этяпти, хатолар бўлади, кимда бўлмайди дейсиз.
Кубаничбек Нурматов, «Кыргызстан»:
Коалициянинг тарқаши ҳақида сўзлар бўлмоқда, лекин парламентнинг ичида бунақа гап йўқ. Бизнинг фракция кўпчилик коалициядан чиқиш бўйича масалани кўрмаган ва бу бўйича ҳеч қандай гап бўлмаган.
Шунингдек, премьерни истеъфога чиқариш ҳақида ҳам гап бўлмаган. Парламентда ҳукуматнинг ҳисоботи кўрилади. Бугун Сапар Исаков Айбек Калиевни ҳамда бошқаларни бўшатди.
Бизнинг фракция ҳозирча ҳукуматнинг ҳисоботини кўриб чиқмади. Мени ҳозирча ҳукуматга даъвойим йўқ, чунки ҳозир мен ҳисобот билан таниш эмасман ва нима бажарилиб, нима бажарилмаганини билмайман. Ҳисоботни кўргач биз баҳо беришимиз мумкин.
Нурланбек Макеев, «Кыргызстан»:
Ҳозирча бизнинг фракцияда кўпчилик коалициядан чиқиш ҳақида гап бўлмади. Бизнинг фракцияда бу муҳокама қилинмаган. Бошқа фракциялар учун бирор нарса деёлмайман. Коалициянинг ўзида биз буни муҳокама ҳам қилмаганмиз.
Ҳукуматнинг ҳисоботи билан кейинги ҳафтада танишиб чиқаман.
Игорь Чудинов, «Бир Бол»:
Бунинг бари таҳминлар. Коалициянинг тарқаши ҳақида гап бўлгани йўқ. Ўз фикримни (Сапар Исаков ҳукуматининг иши ҳақида) мен парламент ҳамда фракция йиғинларида айтиб чиқаман.
Ҳаммуаллиф: Анна Капушенко