Халқаро экспертлар Соғлиқни сақлаш министрлигига совға қилинган тез ёрдам машиналарини текширади

663

Немис тараққиёт банки 15 та тез ёрдам машинасининг жиҳозларини ва техник ҳолатини текширувчи экспертлар гуруҳини тузади. Февраль ойида Соғлиқни сақлаш министрлиги машиналарда «камчиликлар» бўлгани учун ҳозирча қабул қила олмаслигини билдирган.

Соғлиқни сақлаш министрлиги консультанти Елена Баялинованинг «Клооп» мухбирига билдиришича, чақирилган экспертлар тез ёрдам машиналари министрлик стандартларига мос бўлиши учун қандай жиҳозланиши мумкинлигини ўрганишади.

«Улар бу машиналарни маҳаллий шароит талабларига жавоб берувчи стандартлар бўйича қайта жиҳозлаш имконини текширишади. Агарда имкони бўлмаса, уларни қайта таъминловчига жўнатишади», — деди Баялинова.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозир Соғлиқни сақлаш министрлиги совға қилинган 15 та тез ёрдам машинасининг ичидан иккитасинигина қабул қила олади. Қолган 13 машинани Немис тараққиёт банкининг талаби бўйича халқаро мутахассислар текширади.

Бундан ташқари, Баялинова машиналарни етказиш кечиккани оқибатида таъминловчи компанияга жарима солинишини билдирди. Ҳозирда жарима 100 минг еврони ташкил қилади, бироқ министрлик уни 300 минг еврогача кўтаришни талаб қилмоқда.

Немис тараққиёт банки вакилларининг айтишича, таъминловчи компания қоида бузарликсиз танлаб олинган, бироқ камчиликлар машиналарни етказишда пайдо  бўлган.

Баялинова агарда Соғлиқни сақлаш министрлиги компания билан битимни бузадиган бўлса, унда пулларни қайтариб, янги тендер ўтказишга яна бир йил вақт кераклигини айтди.

Соғлиқни сақлаш министрлиги 14-февралда Немис тараққиёт банки совға қилган машиналарни қабул қилмаслигини билдирган, чунки улардан «камчиликлар» аниқланган.

Машиналарни текширув вақтида министрликнинг мутахассислари айрим машиналарда керакли тиббий ускуналар йўқлигини, шунингдек уларнинг баландлиги талабга жавоб бермаслигини аниқлашган. Соғлиқни сақлаш министрлиги, бу тез ёрдам кўрсатиш сифатига таъсир этиши мумкин деб қарор чиқарган.

Совғага берилган машиналарнинг умумий баҳоси 1,18 млн еврони ташкил қилган. Қирғизистонга тез ёрдам машиналари «Тезкор тиббиёт» лойиҳаси бўйича берилган. Уларни Қирғизистонга 2017-йилнинг июлида олиб келиб беришлари керак бўлган, бироқ министрлик уларни ярим йилдан сўнг олган.