Бишкек шаҳар ҳукумати марказий майдонда таом тайёрлашни тақиқлаш сабабларини санитария талабларига жавоб бермаслиги ва ҳавфсизлик чоралари билан изоҳлади. Гиннес китобига кириш учун тайёрланаётган бир тонна бешбармоқ «Аю Гранд Комфорт» савдо марказининг майдонида тайёрланиши билдирилди.
Тадбирнинг уюштирувчиси Элнура Кулуева «Азаттык» радиосига берган интервьюсида, уларга бошқа ерларни қараб кўришликни Биринчи май район маъмурияти таклиф қилганини айтди.
«Улар бош майдонда овқат тайёрлаб, тарқатиш тақиқланган деб тушунтиришди. Шунга кўра, улар ўз талабларини санитария ва хавфсизлик чоралари биан тушунтиришди. Биз таклифни тўғри тушуниб, қабул қилдик», — деди Кулуева.
Бишкек мэриясининг қўшимча қилишича, тадбирнинг ўтказилиши транспорт харакатига ва шаҳарликларга ноқулайликлар туғдирмаслиги керак.
Аввалида тадбир уюштирувчилари бир тонна бешбармоқ ва 100 метр қазини 5-мартдаги Оқ қалпоқ кунига бағишлаб тайёрлашни режалаштиришган, бироқ тадбирни 11-мартга кўчиришди. Бешбармоқ «Аю Гранд Комфорт» савдо марказининг ҳудудида тайёрланади.
«Молларни сўйиш, хамир ва қазилар бошқа ерда тайёрланади, шунингдек савдо марказининг ёнида таомнинг ўзигина тайёрланади. Шундан сўнг барча истовчилар татиб кўришлари мумкин», — деб келтирди «Кактус» нашри Кулуеванинг сўзларини.
Бешбармоқ тайёрлаш учун 5 та от сўйиб, 10 қоп ун ишлатиш режалаштирилмоқда. Уни тайёрлашга 50 аёл масъул бўлади. Бир тонна бешбармоқ тайёрлаш учун уларга 15 та қозон керак бўлади.
Уюштирувчилар энг катта бешбармоқ тайёрлаш орқали Гиннес китобига киришни режалаштирмоқда. 2015-йили Остонада 736,5 киллограм овқат тайёрланиб, бу муваффақият ҳам рекорд бўлган.