«Мен оёғимнинг йўқ эканига қайғурмайман»: Қандай қилиб 12 ёшли Азис ўзи каби болаларга ёрдам беришни хаёл қилади??

789

Сентябрнинг бошида бир оёғи йўқ 12 ёшдаги Азис Даврановнинг футбол ўйнаб юргани тасвирга туширилган видео чиққан. Азисни етти ёшида маршрутка уриб кетиб, врачлар унинг оёғини кесишга мажбур бўлишган. Ўсмир ўзига ўхшаган болаларга ёрдам беришни орзу қилади.

Бишкекнинг бекатида тормози ишламай қолган маршрутка онаси иккисини уриб кетганда Азис етти ёшда бўлган. Азиснинг онаси Венера Давранованинг айтишича, зарб шунчалик кучли бўлганки, бола бир неча метр нарига учиб бориб, ариққа тушган.

Воқеа бўлган жойга келган шифокорлар бола жиддий жароҳатланганини айтишган. Кейинчалик улар боланинг оиласига уни оёғини кесиш кераклигини, акс ҳолда у тирик қолмаслиги мумкинлигини айтишган.

Операциянинг оғир бўлишига қарамай, Азис қувноқ бўлган — ота-онасини хафа қилишни истамаган.

«Агар у бизнинг кайфиятимиз тушганини кўрса, аччиқланади, биз уни эҳтиёт қиламиз. Ҳатто у касалхонада ҳам қувноқ бўлишга сабаб топар эди, бошқа беморлар билан ўйнаб, бизга туртки беришга ҳаракат қиларди», — дейди Венера.

Операциянинг оқибати Азисга яхши кўрган нарсаси билан шуғулланишига тўсқинлик қилмайди: у футбол ўйнаб ташқарида кўп вақт ўтказади. Ҳаттоки у «Футболни жуда яхши ўйнагани» учун мақтов ёрлиғига эга бўлган. Мактабда у синфдошларидан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, барча тадбирларга иштирок этади.

«Мен ҳеч қачон оёғим йўқлиги учун афсусланмайман. Мен бошқа болалар каби қувноқман. Мен катта бўлсам режиссёр бўлиб, оёғи йўқ болаларга ёрдам бермоқчиман», — дейди ўсмир бола.

Азиснинг мактабдаги ҳаёти бошқа болаларники каби ўтади. Акасидан ташқари унга синфдошлари ёрдам беришади. Улар уни туртиб ёки йиқитиб юбормасин деб кузатиб юришади. Азисга қулай бўлиши учун унинг синфи биринчи қаватда дарс ўтишади.

Венеранинг айтишича, суд қарорига кўра, 300 минг сом миқдорида моддий ёрдам пули тўланиши керак эди. 100 минг сомни маршрут таксининг ҳайдовчиси, 200 минг сомни эса механик тўлаб бериши керак эди.

Ҳайдовчи ҳар ойда бу оиланинг ҳисобига пул ўтказиб туради, бироқ у қийналиб қолганлиги учун беш йилга 70 минг сом берган. Механик эса пул тўламай қочиб кетган.

Ҳозирда мазкур оила Бишкекдан узоқ бўлмаган «Арча-Бешик» янги участкасидаги квартирада яшашади. Улар етарли пул тўплагандан сўнг ер участкаси оламиз дейишади.

Оилада Азисдан ташқари икки бола бор. Энг каттаси 13 ёшда, у Азисни мактабга олиб бориб, қайта олиб келишга ёрдам беради. Боланинг отаси қурилишда ишлайди.

Муаллифлар: Рустам Халимов, Даниил Хашковский ва Карина Сапанова.