Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг ходимлари муҳолифатчи «Алиби» газетасининг бош муҳаррири Бабирбек Жээнбековнинг уйига келиб, унинг турмуш ўртоғини сўроққа чақиришди. МХДҚ сўроққа Жээнбеков ҳам чақирилганини, сабаби у аёли билан бирга 2010-йилдаги талончилик бўйича гувоҳ қатори ўтишаётганини билдирди.
МХДҚнинг ходимлари Жээнбековнинг уйига 13-апрелда эрталаб келишди. Улар Бабирбек Жээнбековнинг аёли Таалайгул Абдрасуловани олиб кетишга ҳаракат қилишди.
Собиқ депутат Равшан Жээнбеков Kloop.kg билан бўлган суҳбатда онаси МХДҚга сўроққа бормаганини, сабаби адвокати йўқлигини билдирди.
«МХДҚ ходимлари келди, чақирув қоғози йўқ. Улар қўпол сўзлашишмади, бари яхши бўлди, уни сўроққа 14-апрелга чақиришди. Сўроқнинг сабабини билмаймиз», — деди у.
Унинг айтишича, оиласига МХДҚ қизиқаётганини у ўз одамларидан бир ҳафта олдин билган. Равшан Жээнбеков махсус хизмат вакилларининг ҳаракатлари унинг отаси мухолифатчи «Алиби» газетасини қайта чиқараётгани билан боғлиқ деб ҳисоблайди.
Мухолифатчи Адил Турдукулов махсус хизматнинг ҳаракатларини муҳолифатга, аниқроқ айтганда Жээнбековларнинг оиласига кўрсатилган босим деб баҳолади.
«Яқиндагина «Алиби» газетасининг янги сони чиққан, у ерда жиддий материаллар бор эди. Албатта, шу сони чиққандан кейин сўроққа чақиришаётган бўлса бу шубҳа туғдиради», — деди Kloop.kg билан суҳбатда Турдукулов.
МХДҚнинг матбуот котиби Рахат Сулайманов Kloop.kg билан бўлган суҳбатда у ишлаган маҳкама сўроққа Абдрасулованигина эмас, Бабирбек Жээнбековни ҳам чақирганини хабар қилди.
«Жээнбековнинг аёли ва ўзи 2010-йилдаги талончилик бўйича сўроққа чақириляпти, улар бу иш бўйича гувоҳ бўлишади. Бош прокуратура бу ишни бизга топширди, биз бажаряпмиз», — деди Сулайманов.
«Алиби» газетаси 2004-йили ташкил қилиниб, қирғиз тилида, ҳар ҳафтада 2015-йилгача чиққан. Икки йил ишламаган газета қайта чоп этила бошлади. Газетанинг бош муҳаррири Бабирбек Жээнбеков.
Муаллиф: Метин Жумагулов