Жогорку Кенеш 5 апрелдаги йиғинида "Террорчиликка қарши ҳаракат тўғрисидаги" қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди ва овоз беришга жўнатди.
Мақоланинг асл нусхаси «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан.
Агар бу ҳужжат қабул қилинса, унда Қирғизистонда суд экстремистик-террористик деб аниқлаган ташкилотларнинг рўйхати вақти-вақти билан ОАВда эълон қилиниб турилади. Ўлкада умумий мана шундай 20 ташкилот таъқиқланган.
"Террорга қарши ҳаракат тўғрисидаги" қонун лойиҳасининг ташаббусчилари айниқса ёшларни турли радикал гуруҳларга қўшилиб кетишидан сақлаш учун экстремистик-террористик ташкилотлар тўғрисида очиқ, батафсил маълумот берилиши кераклигини айтишади.
Парламентда бу қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган вақтда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метродаги портлаш ва бу жиноятда гумондор фуқаронинг Қирғизистон билан алоқаси тўғрисида сўз бўлди.
"Кыргызстан" фракциясининг депутати Айтмамат Назаровнинг фикрича, суд террорчи деб топган одамларнинг янги рўйхати эълон қилиниши керак:
- Бундай муассаса-ташкилотларнинг рўхатинигина эълон қилмасдан жисмоний шахсларнинг рўйхатини эълон қилиш вақти келди деб ўйлайман. Сабаби, бизнинг орамизда турли одамлар бор эканлигини, шундай ташкилотларга кириб бутун давлатга соя солаётганига яна бир бор амин бўлмоқдамиз. Одамлар ким террорчи, ким террорчи эмаслигини билишнинг вақти келди шекилли.
Жогорку Кенеш раиси Чинибай Турсунбеков Санкт-Петербургдаги теракт бўйича айрим маҳаллий оммавий ахборот воситаларини танқид қилди:
- Кеча ҳаммамиз билдик, Қирғизистоннинг айрим нашрлари, интернетда шу одамни қирғизистонлик деб жар солаётганда Россиянинг 1-канали уни жуда намойишкарона тарзда Марказий осиёлик деб айтди. Шу сабабли бу масалага жуда эҳтиёткорлик билан қараш керак деб ўйлайман.
Қирғизистоннинг махсус хизмати терактда гумондор Акбаржон Жалилов Қирғизистонда туғилганини, кейинчалик Россия фуқаролигини олганини эълон қилган. Ташқи ишлар министрлиги эса унга Қирғизистондан паспорт берилмаганини, қирғиз фуқароси эмаслигини маълум қилган.
Жогорку Кенешда қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганда "Бир бол" фракциясининг депутати Акилбек Жапаров махсус хизмат унинг террор ҳужуми ва ундан ҳимояланиш бўйича кўрсатма тайёрлаш таклифини ҳисобга олмаётганидан норози бўлди:
- Масалан, Исроил давлати террорчиликка қарши ҳаракатларни кичик боладан президентгача ёзиб, барчасини ўқитиб, ҳаммаси билар экан. Фавқулотда вазият бўлса, депутатлар, ҳукумат аъзолари қаерда юриши керак, ҳар биримиз нима қилишимиз керак, билишимиз лозим. Ҳозир кўряпсиз, аввал биттани портлатиб, кейин одам кўп тўпланганда иккинчисини, учинчисини портлатишмоқда. Агар шундай воқеа бўлса спикер, депутатлар қеарда бўлиши керак, ҳар биримиз нима қилишимиз керак деган кўрсатма борми? Буларнинг барчаси олдиндан аниқ, очиқ ёзилиши кераклиги ва мактабда ҳар бир ўқувчи, депутатларнинг столини устида туриши керак, ёнғин ўчиргичларнинг ҳар бирида бўлиши зарур.
МХДҚнинг билдиришича, Қирғизистонда террористик-экстремистик деб топилган йигирма ташкилот аниқланган. Махсус хизмат етакчисининг ўринбосари Рустам Мамасадиковнинг маълум қилишича, ҳозирда терроризмга қарши чора тадбирлардан иборат махсус дастур тайёрланмоқда:
- Бизда таъқиқланган ташкилотларнинг деярли 98 фоизини халқаро судлар, БМТ террорист деб таниган. Бугунги кунда террорга ва экстремизмга қарши ҳаракатлар дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозир муҳокамада, жамоатчилик таҳлилида. Асосийси бу масала ҳамма давлатларнинг муаммоси бўлиб қолди. Биз масалан, терроризмга қарши қайси давлатда қандай яхши усул бўлса, шунинг барчасини олишга ҳаракат қиляпмиз. Давлатнинг, ўлкамизнинг имкониятига яраша, вазиятга нисбатан барчасини қўллаб кўриб, тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бироқ МХДҚга тегишлибўлган танқидларни ҳам айтганлар бўлди. "Ата Мекен" фракциясининг депутати Наталья Никитенко махсус хизматнинг асосий вазифасини ёдга солди:
- Бу маҳкама миллий хавфсизликни таъминлашга барча кучини сарфлаб, фуқароларнинг ҳуқуқини ва манфаатини ҳимоя қилиши керак. Бироқ МХДҚнинг сўнги ҳаракатлари менда кўп саволларни пайдо қилмоқда. Менга қизиғи, асосий кучингизни ўз фуқароларингиз билан синаш учун сарфламоқдамиз, сизларда терроризм, жамиятга хавф олиб келаётган гуруҳларнинг ўчоғини аниқлаш бўйича олдини олиш ишларини олиб бориш имкони борми? Турли сиёсий сабаблар туфайли махсус хизматнинг кўпчилик вакиллари телефон сўзлашувларни тинглаб, тинчлик митингларини назорат қилиш билан овора. Шу сабабли миллий хавфсизлик комитети фуқароларнинг хавфсизлиги билан шуғулланимоқда деб қандай айта оламиз?
Қирғизистонда расмий маълумот бўйича айни дамда 300дан ортиқ одам диний радикализм бўйича айбланиб, қамоқда ўтирибди. Уларнинг кўп қисми Қирғизистонда таъқиқланган "Хизб-ут Тахрир" диний ташкилотларнинг аъзолари.