Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова таҳдидлар туфайли Қирғизистонни тарк этди

90

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва «Қилим шами» фондининг асосчиси Азиза Абдирасулова таҳдидлар ва интернетдаги таъқиблар сабабли Қирғизистонни тарк этди.

«Мен мамлакатдан чиқиб кетишга тайёр эмас эдим. Мен бемор турмуш ўртоғим ва тўрт ёшли неварамга ғамхўрлик қилишим керак эди. Аммо турли чақириқлар ва қўрқитишлар туфайли Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлдим. Олдинроқ икки марта инсульт бўлганман ва қамоққа олинишга тайёр эмасман», — деди ҳуқуқ ҳимоячиси «Азаттик»га берган интервьюсида.

Бунгача президент Садир Жапаров учинчи Халқ Қурултойида сўзга чиқиб, Абдирасулова ва унинг «Қилим шами» фондини танқид қилган эди. Президентга кўра, фонд «ёлғон маълумот тарқатади» ва «далилсиз бошқаларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситади».

Азиза Абдирасулова 2000-йиллар бошидан бери ҳуқуқ ҳимояси фаолияти билан шуғулланиб келади. Маълумки, 2013 йилда у Садир Жапаров ва унинг оиласининг жамоат ҳимоячиси сифатида фаолият юритган.