Оқтаудаги самолёт ҳалокати ҳақида нима маълум? Версиялар ва муносабатлар

89

25 декабр куни Боку шаҳридан Грознийга йўналган Озарбайжон самолёти Оқтау аэропорти яқинида қулаб тушди. Ҳалокат натижасида 38 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса бўйича қандай версиялар ва муносабатлар мавжуд?

  • Биринчи версия Euronews ва Reuters журналистлари томонидан илгари сурилди. Уларга кўра, самолётни Россия ракета билан уриб туширган.
  • Россия ҳукуматининг версияларига кўра, самолёт қушлар галаси билан тўқнашган бўлиши мумкин ёки бортида газ баллони портлаган.
  • 28 декабр куни, яъни ҳалокатдан уч кун ўтиб, Россия президенти Владимир Путин «трагик ҳодиса Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун» «ўз узрларини» билдирди. Унинг айтишича, Озарбайжон самолёти украин дронларига қарши Россия ҳаво мудофаа тизими томонидан амалга оширилган ҳужум пайтида Грознийга қўнишга ҳаракат қилган. Путин йўловчи самолёти ҳалокатининг аниқ сабабларни кўрсатмади.
  • Шундан сўнг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россиядан ҳалокат учун айбни тан олишни, айбдорларни жазолашни, шунингдек, Озарбайжонга, жабрланган йўловчиларга ва экипаж аъзоларига компенсация тўлашни талаб қилди. Алиевнинг айтишича, самолёт Россия ҳудудида «ташқи таъсир» туфайли шикастланган ва натижада бошқарувни йўқотган.

Алиев самолётнинг «махсус уриб туширилмаганини» таъкидлаб, бир неча бор Озарбайжоннинг Россияга «дўстона» мамлакат эканлигини эслаб ўтди. Ҳодиса сабаблари «қора қути» маълумотлари расшифровка қилинганидан кейин маълум бўлишини айтган Алиев, қушлар ва газ баллони портлаши ҳақидаги версияларни «бўлмағур» деб атади.