Жапаров Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилишига старт берди

28

27 декабрда Жалолобод шаҳрининг Тош-Кутчу қишлоғида Президент Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг қурилишига биринчи тош қўйди.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, бу йўл Қирғизистоннинг Евроосиё қитъасида транзит маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

«Бу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, Туркия орқали Европа Иттифоқигача юкларни етказиб беришни таъминлайди. [...] Ишончим комилки, Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланади ва Буюк Ипак йўлининг тарихий руҳи қайта тикланади», — деди у.

Жапаровнинг айтишича, ушбу йўналиш мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини тезлаштиради, жумладан, минтақаларни боғлаб, минглаб иш ўринлари яратади.

«Балиқчи шаҳридан Макмалгача темир йўл қурилади ва у бу йўналишга уланади. Шимол ва жанубимиз ҳам темир йўл орқали боғланади», — дея қўшимча қилди у.

27 июнь куни Қирғизистон Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича битимни ратификация қилди. Парламент бу ҳужжатни 19 июнда қабул қилган эди.

Бундан аввал Хитой темир йўл қурилиши учун 2 миллиард 350 миллион долларлик кредит ажратиши маълум қилинган эди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун учта мамлакат Қўшма Лойиҳа Компанияси (ҚЛК) ташкил этади. Бу компанияда 51% улуш «Хитой темир йўллари»га тегишли бўлади, «Қирғиз темир йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» эса ҳар бири 24,5% улушга эга бўлади.

Президентнинг таъкидлашича, сарфланган маблағлар қоплангач, икки томон лойиҳадан чиқади ва 100% улуш Қирғизистонга қолади.

Бу темир йўл Қирғизистонга қитъавий кўприкнинг бир қисмига айланиш имконини беради. У Хитой соҳилларидан то Форс кўрфазигача бутун Осиёни боғлайди.