Озарбайжон депутати Расим Мусабеков маҳаллий Turan нашрига берган интервьюсида Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган самолёт Россия ҳудудида уриб туширилганини айтди.
«Самолёт Грозний осмонида уриб туширилган. Буни инкор қилиб бўлмайди»,
— деди у ва Россияда айрим шахслар «изларни йўқ қилиш учун медиа орқали маълум ҳаракатлар олиб боришмоқда», деб таъкидлади.
Мусабековнинг фикрича, Россия томони Озарбайжон фуқаролик самолётига ҳаво ҳимоя тизими орқали амалга оширилган ҳужум учун узр сўраши керак.
«Бу ишни қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳалок бўлганлар учун товон тўланиши ва жабрдийдаларга компенсация берилиши керак. Агар бу ишлар қилинмаса, муносабатлар, шубҳасиз, бошқа даражага ўтиб кетади»,
— дея огоҳлантирди депутат.
Шунингдек, Мусабеков 2020 йилдаги 44 кунлик уруш пайтида Озарбайжон Россиядан узр сўрагани ва Озарбайжон ҳаво ҳимоя тизими Арманистон ҳудудида Россиянинг Ми-24 ҳарбий вертолётини тасодифан уриб туширгани учун товон тўлаганини эсга олди.
«Агар ҳаво ҳимоя тизими ишлаётган бўлса, аэропорт ёпилиши ва бу ерга ҳеч ким учмаслиги учун огоҳлантириш берилиши керак эди», — дея таъкидлади у.
Euronews нашри Озарбайжон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар беришича, «Озарбайжон ҳаво йўллари« (AZAL) авиакомпаниясига тегишли самолёт Россиянинг «ер-ҳаво» ракета портлашидан тарқалган бўлаклардан шикастланган.
Манбанинг маълумотига кўра, учувчилар Россияда шошилинч қўнишни сўрашган, аммо бирорта ҳам аэропортда қўнишга рухсат олишмаган. Шунингдек, самолётнинг GPS-навигация тизими ушбу йўналишда блокланган.
Озарбайжондаги фожиа тафсилотларини ўрганаётган манбалардан бирига кўра, дастлабки натижалар самолёт Россиянинг «Панцирь-С» ҳаво ҳимоя тизими томонидан уриб туширилганини ва Грозний яқинига етиб борганда унинг алоқа воситалари радиоэлектрон ҳимоя тизими билан блокланганини кўрсатган.
Шу орада Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Актау ҳаво ҳалокати сабаблари бўйича тахминлар қилишдан сақланишга ва текширув натижаларини кутишга чақирди. Ҳодиса бўйича текширув Қозоғистон томонидан олиб борилмоқда.
Аввалига Россия авиацияси самолётни бошқариш йўқолишига «парранда тўдаси билан тўқнашув» сабаб бўлганини ва командир «захира аэродромга қўниш» ҳақида қарор қилганини таъкидлаган эди. Кейинчалик Россия фавқулодда хизматлари «асосий тизимлардан бири ишдан чиққан» версиясига устувор аҳамият берилганини маълум қилди.
25 декабрь куни Боку – Грозний йўналиши бўйича учган Embraer E190 самолёти бортдаги 69 йўловчи билан ҳалокатга учради. Кейинроқ интернетда самолёт парчалари акс этган кадрлар тарқалди. BBC ушбу тешиклар ракета бўлаклари ҳужуми натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.