АҚШ университетлари хорижий талабаларга Трампнинг инаугурациясигача қайтишни тавсия қилмоқда

26

АҚШ университетлари ўз талабаларига қишки таътилдан эртароқ қайтишни тавсия қилмоқда. Бу АҚШга киришга тақиқ қўйилиши мумкинлиги билан боғлиқ, деб ёзади CNN.

Канал маълумотларига кўра, АҚШда бир миллиондан ортиқ хорижий талабалар таҳсил олмоқда. Бироқ Дональд Трампнинг президентликка қайтиши муносабати билан уларнинг бир қисми таълимни тугатолмай қолишидан хавотирда.

«Хорижий талабалар одатда АҚШда ўқишга имкон берувчи, аммо мамлакатда қонуний қолишга рухсат бермайдиган, миграцион бўлмаган визаларга эгадир»,
— дея таъкидлади CNN.

Масалан, Корнелл университети хорижга сафар қилган талабаларни баҳорги семестр бошланишидан олдин қайтишга ёки «сафар режалари бўйича маслаҳатчи билан боғланишга ва кечиктиришларга тайёр бўлишга» чақирди.

«Сафарга тақиқ, эҳтимол, инаугурациядан кўп ўтмай кучга киради»,
— дейишди у ерда ва бу тақиқ Қирғизистондан келган талабаларга ҳам таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлашди.

Жанубий Калифорния университети талабаларга электрон мактублар юбориб, «ҳар қандай муаммолардан қочишнинг энг хавфсиз йўли — баҳорги семестр бошланишидан олдин АҚШда бўлиш» эканлигини маълум қилди.

У ерда президент сафарларга ва визаларни ишлаш жараёнига таъсир қиладиган «бир ёки бир неча фармон чиқариши мумкин» деб огоҳлантиришди.

CNN июнь ойида президентликка номзод Трамп АҚШ коллежларини тугатган хорижий фуқароларга «автоматик равишда» грин-карта берилишини ваъда қилганини эслатди

Бироқ кейинчалик унинг сайловолди кампанияси вакили Кэролайн Ливитт грин-карталар «фақат энг малакали битирувчиларга» берилишини маълум қилди. Шунингдек, танланган битирувчилар «коммунистлар, радикал исломчилар, ҲАМАС тарафдорлари ва Америкага нафрат билан қарайдиганлар» орасидан чиқариб ташланиши учун текширилади.

Трампнинг биринчи президентлиги даврида у визаларга қўйилган чекловлар рўйхатини кенгайтирганди. Рўйхатга Қирғизистон ҳам киритилган. Бу орқали Трамп қирғиз мигрантларининг киришини ҳамда республика фуқароларига грин-карталар берилишини тўхтатган.

Трамп маъмурияти ўшанда чекловлар АҚШ хавфсизлиги учун минимал талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний миграциянинг олдини олишда АҚШ билан ҳамкорлик қилмайдиган давлатларга қарши қўлланилишини тушунтирган эди.