Давлат тили бўйича Миллий комиссия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига ўзгартиш киритиш ташаббусини илгари сурмоқда. Унга кўра, қирғизистонликларга давлат тилида хизмат кўрсатишдан бош тортган муассасалар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда кеча матбуот анжуманида комиссия раиси Мелис Мураталиев маълум қилди.
Унинг айтишича, комиссияга аҳолидан кафе, ресторан ва бошқа муассасаларда персонал фақат рус тилида хизмат кўрсатиши ҳақида кўплаб шикоятлар тушмоқда.
Мураталиев қонун бузилиши учун маъмурий жавобгарлик мавжудлигини таъкидлаб ўтди. Бироқ давлат тили тўғрисидаги қонунга нисбатан ҳеч қачон бундай норма бўлмаган ва ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
«Биз шу йилда Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига бундай нормани киритишни таклиф қиляпмиз. Бир-иккита жазо қўлланилгандан сўнг, одамлар ўзгаришига ишонаман», — деди у.
Мураталиевнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасига кўра, маъмурий жавобгарлик давлат ва хусусий ташкилотлар, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳаси объектларига тааллуқли бўлади.
Амалдаги давлат тили тўғрисидаги қонунга кўра, фуқароларга хизмат кўрсатиш қирғиз тилида амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, айтилаётган нарсани расмий ёки бошқа тилларда такрорлашга рухсат берилади. Шунингдек, товарлар реклама қилинганда икки тилда маълумот бериш талаб қилинади.
Июль ойида президент 31 май куни парламент томонидан қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги конституциявий қонунни имзолади. Янги ҳужжатда давлат тили қўлланиладиган соҳалар аниқ белгилаб берилди.
Шунингдек, қирғиз тили давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат корхоналари учун ишчи тил бўлиб қолади. Яна бир муҳим ўзгариш — давлат хизматчилари, депутатлар, ўқитувчилар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар ва тиббиёт ходимларининг қирғиз тилини билиши мажбурий қилинади.