ЖИХ СИЗО-1да маҳюусларнинг оммавий калтакланишини яна бир бор инкор қилди

28

Бишкек СИЗО-1да қўлга олинганларнинг калтакланиши ва адвокатлар ҳамда Миллий қийноқларнинг олдини олиш маркази ходимларини уларга қўймаслик тўғрисидаги даъволарни Жазони ижро этиш хизмати инкор қилди.

Хизмат, шунингдек, Омбудсманнинг 20 дан ортиқ ҳибсдаги шахслар қуруқ очлик эълон қилгани ҳақидаги маълумотини рад этди. Улар маълум қилишича, очлик эълон қилган ягона шахс — «Социал-демократлар» партияси раҳбари Темирлан Султонбеков.

Жазони ижро этиш хизмати Султонбековни ижтимоий тармоқларда махсус муассаса фаолиятини издан чиқариш, ходимларни қўрқитиш ва деморализация қилишга қаратилган нотўғри маълумотларни тарқатишда айблади.

Хизмат маълумотига кўра, фақат 20 декабрдан буён колонияга 289 адвокат ташриф буюрган, Миллий қийноқларнинг олдини олиш маркази ходимлари етти марта, Омбудсман институти ходимлари эса олти марта маҳкумларни кўрган.

Бир кун аввал «Социал-демократлар» партияси аъзоси Қодирбек Атамбаев ҳибсдаги шахслардан бирининг қичқириқлари тушган аудиоёзувни эълон қилди.

Шу билан бирга, адвокат Назгул Суюнбоева ўз ҳимоясидаги шахс — жиноий авторитет Қодир Досоновни қаттиқ калтаклашганини ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини маълум қилди.

«Унинг бутун танаси гематомаларга тўлган, айниқса, елкалари орқасидан то тиззаларигача бўлган қисми шишиб кетган. Калтаклашдан кейин у жуда оғир аҳволда ётган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти. Бу ҳақда менга бу ҳолатларни ўз кўзи билан кўрган инсон маълум қилди», — дея Facebook саҳифасида ёзди у.

Илгари ҳибсдаги шахслар Қодир Досоновнинг Бишкек СИЗО-1нинг ертўласида сақланаётганини таъкидлаган. Уларнинг сўзларига кўра, у билан бирга Адилет Қасенов, Эркин Жумашов, Алмаз Доорон, Эмил Айдар ва Данияр Шукуров ҳам сақланган.

Бир кун аввал Омбудсман институти маълумот беришича, 20 декабрдан бери 20 дан ортиқ маҳкум очлик эълон қилган. Икки нафари — Данияр Шукуров ва Қодирбек Досонов Омбудсманга ариза ёзган. Уларнинг айтишича, уларни калтак билан урган ва тепкиллаган.

20 декабрь куни айрим ОАВларда Бишкек СИЗО-1 камераларига махсус кучлар вориб киргани ва ҳибсдаги шахсларни калтаклагани ҳақида хабар тарқалган эди. Шундан бери Жазони ижро этиш хизмати маҳкумларга нисбатан зўравонлик содир бўлмаганини таъкидлаб келмоқда.