Ижтимоий тармоқларда Бишкекдаги Facebook party тадбирида бир эркакнинг бошловчини микрофон билан ургани тасвирланган видео тарқалди.
24.kg нашрига тадбир иштирокчилари маълум қилишича, ҳужум қилган шахс Илимбек Исроилов бўлиб, у икки йилдан ортиқ вақт олдин «Клооп», «Азаттик» радиоси ва Kaktus.media нашрларини ёпишга бағишланган митингни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, воқеа 22 декабрь куни «Алтин Арашан» ресторанида содир бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, ҳодисадан сўнг эркак ерга йиқитилган ва кейин банкет залида чиқариб юборилган.
Милиция хабарига кўра, Исроилов майда безорилик моддаси бўйича қўлга олинган. Суд қарор қабул қилгунига қадар у вақтинча сақлаш жойида бўлади. Шунингдек, эркакка нисбатан баённома ресторан администратори томонидан ёзилган.
2022 йил 13 октябрь куни Бишкекдаги «Азаттик» радиоси офиси олдида мустақил нашрлар — «Азаттик», «Клооп» ва Kaktus.media’ни ёпишга чақирувчи митинг ўтказилган эди. Акция давомида Исроилов журналистларга таҳдид қилиб, «Азаттик» офисини ёқиб юбориш билан қўрқитган.
Исроилов шунингдек, «Мекенчил» партияси вакиллари ишида ҳам иштирокчи сифатида тилга олинган. Жорий йил баҳорида у беш нафар эркак билан бирга безорилик ва ноқонуний озодликдан маҳрум қилишда айбланиб, қамоққа олинган эди.
Ўша пайтда президент уларни фирибгар деб атаб, улар пул талаб қилиш орқали кун кўришини таъкидлаган эди. Бироқ 10 сентябрь куни суд барча иштирокчиларни озод қилди — бир модда бўйича улар оқланган, бошқа модда бўйича эса жабрланувчи ўз даъволаридан воз кечган.