Суд Бишкекдаги стоматологияда уч ёшли қизнинг ўлими бўйича шифокорларга ҳукм чиқарди

25

23 декабрь куни Бишкекнинг Октябрь туман суди КГМА тиббиёт марказида уч ёшли Алия Кубоничбекованинг ўлими билан боғлиқ иш бўйича беш нафар тиббиёт ходимига ҳукм чиқарди.

Стоматолог Айганиш Қадирқулова 5,5 йил умумий тартибдаги колонияда жазо ўташга ҳукм қилинди. У ҳужжатларни сохталаштириш ва ноқонуний тиббий фаолият юритишда айбдор деб топилди.

Анестезиолог 6 йил озодликдан маҳрум қилинди. У ҳужжатларни сохталаштириш ҳамда тиббий ёки фармацевтик ходимнинг касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги оқибатида оғир зарар етказишда айбланди.

Тиббиёт маркази директори суд залида озод қилинди. Унга 5,5 йил қамоқ жазоси ўрнига 3 йил пробация таъинланди. Суд уни ҳужжатларни сохталаштириш ва хизмат ваколатларидан фойдаланишда айбдор деб топди.

Қолган икки айбланувчи — стоматологнинг эри ва «Дентомакс» стоматология клиникасининг директори — жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқланди. Улар, шу жумладан, жиноятни яширишда айбланган эди.

Уч ёшли Алия Кубоничбекова 2023 йилнинг 18 декабрида Бишкекдаги КГМА тиббиёт марказида вафот этган. Ота-онаси уни тишларини даволатиш учун олиб борган, аммо қизалоқ анестезиядан сўнг ҳушига келмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус комиссия тузган, милиция эса тиббий ёки фармацевтик ходимнинг касбий мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги бўйича жиноий иш қўзғатган.

Экспертиза хулосасига кўра, қизалоқнинг ўлими кетонал ва анальгин қўлланилиши оқибатида юзага келган анафилактик шок туфайли содир бўлган.