ОАВ: Қамоқхоналар ва тергов ҳибсхоналари маҳкумлари ЖИХнинг янги раҳбарига қарши очлик эълон қилишди

39

Қамоқхоналар ва тергов ҳибсхоналаридаги маҳкумлар Чингиз Қўжоошевнинг ЖИХ (Жазони ижро этиш хизмати) янги раҳбари этиб тайинланганига норозилик билдириб, очлик акциясини бошлашди. 24.kg нашри маҳкумларнинг яқинларига таянган ҳолда хабар беришича, улар кеча тундан бошлаб очлик эълон қилишган.

Маҳкумларнинг яқинлари маълумотига кўра, Қўжоошев махсус кучларга маҳкумларни калтаклаш бўйича буйруқ берган. Шунингдек, уларнинг айтишича, янги раҳбар шахсан ўзи ҳам бу ишларда иштирок этмоқда.

«ЖИХнинг собиқ раҳбари Аскат Эгембердиев даврида барча қонун доирасида тинч яшаган эдик. У (Қўжоошев) калтаклашлар давомида бизларни қул деб атади ва ҳуқуқларимиз йўқлигини айтди. Ушбу омбудсман ва махсус прокуратура унинг назоратида эканлигини, бизга ҳеч ким ёрдам бермаслигини таъкидламоқда», — дейди маҳкумларнинг яқинлари.

Маҳкумлар таъкидлашича, Бишкекдаги СИЗО-1 подваль қисмида Адилет Қасенов, Қодир Досонов, Эркин Жўмашов, Олмаз Доорон, Эмил Айдар ва Данияр Шукуров каби шахслар қаттиқ калтакланган ҳолда сақланмоқда.

ЖИХ вакиллари «Kloop» нашрига маълум қилишича, маҳкумлар томонидан ҳеч қандай норозилик акцияси ўтказилмаяпти ва муассасалар штат режимида ишламоқда.

20 декабрь куни қатор ОАВларда Бишкекдаги СИЗО-1 камераларига махсус кучлар кириб, маҳкумларни калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Социал-демократлар» партияси раҳбари Темирлан Султанбеков ҳам ўз камерадошлари шафқатсиз тарзда калтакланганини айтди. Бу ҳақда унинг партиядоши Қодирбек Атамбаев ижтимоий тармоқларда маълум қилди.

Маҳкумларнинг шикоятларидан сўнг Омбудсман институти ходимлари уларни кўздан кечиришди. Лекин улар ҳеч қандай «зўравонлик изларини» топмаганини айтишди. Бу Султанбеков камерадошларига ҳам тегишли бўлиб, камерада СИЗО ходимлари тинтув ўтказгани қайд этилди.

Шу билан бирга, маҳкумлардан бирининг юзида кўкарган яра топилган. Институт маълумотига кўра, у ўзини жисмоний куч ишлатилганини тан олган. Омбудсман маҳкумларнинг шикоятларини шахсий назоратга олди.

18 декабрь куни Бош вазир Адилбек Қасымалиев Аскат Эгембердиевни СИН раҳбари лавозимидан озод қилди. Эгембердиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан истеъфога чиққан.

ЖИХнинг маълум қилишича, ушбу лавозимга илгари Ошдаги СИЗО-5 ни бошқарган ички хизмат подполковниги Чингиз Қўжоошев тайинланган. Унинг аввал ички ишлар органлари ва МХДҚда қатор лавозимларда ишлагани маълум қилинган.

Журналист-таҳлилчи Болот Темиров эса Қўжоошевни МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиевнинг шахсий қўриқчиси деб атади.