АҚШ элчихонаси Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг мустақил оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.
Элчихонанинг таъкидлашича, мустақил ОАВ фуқароларнинг талабларига самарали жавоб берадиган ва коррупцияга қарши курашадиган ҳукумат учун муҳим аҳамиятга эга.
Дипломатик ваколатхона АҚШ фактларни текшириш дастурларини молиялаштиришини, қирғиз тилидаги журналистикани қўллаб-қувватлашини ҳамда коррупцияни фош этадиган суриштирув журналистларига ёрдам беришини маълум қилди.
«Биз Қирғизистон ҳукуматидан тортиб маҳаллий ташкилотларгача бўлган шериклар билан ҳамкорликда қирғизистонликларни қўллаб-қувватлайдиган молиявий ёрдам кўрсатаётганимиздан фахрланамиз. Бизнинг ёрдам дастурларимиз Қирғизистон ҳукумати билан ҳамкорликда амалга оширилади», — дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров Бишкекдаги учинчи Халқ қурултойида АҚШ Давлат департаментига мурожаат қилиб, маблағларни мустақил журналистларга эмас, балки тўғридан-тўғри давлатга ажратишни таклиф қилган эди.
Президентнинг сўзларига кўра, кейинги пайтларда ОАВ фақат «ёлғон ахборот тарқатиш ва салбий томонларни қидириш» билан шуғулланмоқда. У ҳукумат бу маблағларни самарали ишлатишга, журналистика даражасини оширишга ва мамлакатда сўз эркинлигини таъминлашга кафолат беришга тайёр эканини айтган.