Ўш: Ўқитувчи Илгиз Шамирзаев ваъда қилинган хонадонни олди

9

Ўшлик педагог, икки карра «Йил ўқитувчиси» танловининг ғолиби бўлган Илгиз Шамирзаев ниҳоят, ваъда қилинган хонадонга эга бўлди. Бу ҳақда у 20 декабрь куни «Клооп»га маълум қилди.

«Биринчи танловни Ўш шаҳар мэрияси ташкил қилган эди. Сертификатни ўша пайтдаги мэр Таалайбек Сарибашов топширган. Бироқ қурилиш компаниялари турли баҳоналарни айтиб, хонадонни топширмаган. Бугун Сарибашов ўз ташаббуси билан менга бир хонали уйнинг калитини берди. Ҳозир бу ерга кўчиб кириб, яшашни бошладим», — деди ўқитувчи.

Шамирзаевнинг сўзларига кўра, хонадон унга Жогорку Кенеш депутати Таалайбек Сарибашов томонидан совға сифатида берилган.

Октябрь ойида маълум бўлишича, Ўшлик ўқитувчи Илгиз Шамирзаев 2021 ва 2022 йилларда «Йил ўқитувчиси» танловида ютган уйларини ололмаган эди.

Жогорку Кенеш депутати Таалайбек Сарибашов 2021 йилда Ўш шаҳар мэри лавозимида ишлаганида Шамирзаевга уй ютуғи сертификатини шахсан топширганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ўша йили лавозимидан кетгани сабабли хонадон топширилишини назорат қилолмаган. Бироқ, Сарибашов ўшанда педагогнинг уй-жойга эга бўлишига ёрдам беришга ваъда берган эди.